Тошкент шаҳрида таъмирлаш ишлари муносабати билан қатор кўчалар автотранспорт ҳаракатланиши учун ёпилади

25.06.2018 | Ўзбекистон | 2356

Тошкент шаҳрида таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати қатор кўчаларда автотранспорт ҳаракатланиши тўхтатилади. Бу ҳақда ИИББ ахборот-мультимедиа маркази маълум қилди.

Жумладан, 24 июндан бошлаб то совуқ сув таъминоти қувурлари алмаштирилгунча (тахминан бир ой давомида) Фарғона йўли кўчасининг Нукус кўчаси йўналишидан то Талимаржон кўчасигача бўлган қисми ёпилди. Қарама-қарши томонга ҳаракатланиш очиқ қолдирилган, шунингдек, Меҳржон кўчаси бўйлаб айланиб ўтиш мумкин.

Метрополитен қурилиши муносабати 23 июндан бошлаб қурилиш ишлари тугагунча Элбек кўчасининг Авиасозлар кўчасидан Алимкент кўчасигача бўлган қисми ҳам беркитилди.

Бунёдкор кўчасининг Кичик ҳалқа йўли билан кесишмасидаги йўлўтказгич капитал таъмирланиши муносабати билан 25 июндан бошлаб Бунёдкор кўчасининг Муқимий кўчасидан Қатортол кўчаси 2-ўтиш йўлигача бўлган қисми ёпилди. Мазкур ўтиш йўли, шунингдек, Дўмбиробод 4-ўтиш йўли, Чилонзор, Қатортол кўчалари ва Кичик ҳалқа автойўли орқали айланиб ўтиш учун имконият яратилган.