Суд залидаги фил ёхуд қийноқларга қарши қачон самарали чора кўрилади?

26.06.2018 | Блог | 3314

Ўтган ой журналист Бобомурод Абдуллаев ва унинг жиноий шериклари дея гумон қилинган уч киши суд залидан озод қилинди. Гумондорларнинг барчаси Жиноят Кодексининг 159-модда 4-қисми (Конституциявий тузумига тажовуз қилиш, ҳукуматни қуролли йўл билан ағдаришга уриниш) билан айбланган эдилар. Абдуллаев ҳибсда қарийб 221 кун сақланди, аммо унга қарши сурилган асосий айбловларнинг бирортаси ўз тасдиғини топмади. 

Бир қарашда қонун устуворлигининг тантанаси—айбсизлик презумпцияси принципига риоя қилинди. Аммо ушбу жиноят иши бошқа жиҳати билан ҳам аҳамиятли—судланувчилар, хусусан, Бобомурод Абдуллаев, унга нисбатан қўлланилган қийноқларни барча тафсилотлари билан судга айтиб берди. Жиноий ишларда ҳозир ҳам судланувчилар қийноққа солинганликларини даъво қилишаётганини кўриш мумкин.

Қийноқлар амалдаги қонунчилик билан қатъий таъқиқланган бўлса, Президент ўз ваколатларини бажариш учун киришганидан бери қийноқлар муаммосига бир неча марта эътибор қаратган бўлса, қийноқлар нимага ҳали ҳам давом этмоқда? Мазкур мақолада Абдуллаев иши мисолида судланувчи қийноққа солинганини айтганда эътибор берилиши керак бўлган баъзи масалалар муҳокама қилинади.

Қонунчиликда қийноқларнинг таъқиқланиши

Қийноқлар ҳақида гап кетар экан, амалдаги қонунчиликда қийноқларнинг таъқиқланиши ҳақида нима дейилишига тўхталиб ўтиш керак. Конституция ва амалдаги қонун ҳужжатлари инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тазйиқ ва тажовузлардан ҳимоя қилади ҳамда ушбу ҳимояни кафолатлайди. Жиноят Процессуал Кодекси 17-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги 12-сонли “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 3(в) бандига биноан, айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатувлар ва бошқа далиллар қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш орқали олинган бўлса, бундай далиллар номақбул ҳисобланади (яни юридик кучга эга бўлмайди ва айблов асосига қўйилиши мумкин эмас).

Абдуллаевга қарши қўлланилган қийноқлар

Бобомурод Абдуллаев қийноқлар ҳақида тергов жараёнида бир оз либераллашув кузатила бошлагандан кейин (тахминан, жорий йилнинг феврал ойи охирида) гапира бошлади. Журналист, ҳақиқатан ҳам, қийноққа солинганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди, назаримда. У қийноқ хоналари, усуллари ва қийноққа солган шахсларни айтиб берди. Масалан, қийноққа солиш хоналарининг девор ва шифтларига темир халқалар қоқилган бўлиб, журналист қўлидаги кишан билан халқалардан бирига боғлаб қўйилган, шу ҳолатда сақланган, дўппосланган.  Журналист уни қийноққа солган кишилар исмларини ҳам айтиб берди. Улар орасида Нодир Тўрақулов, Мажид, Қобил, кўзойнаклик Ойбек (асли исми Элмурод) бўлган.

Қўлланган қийноқлар кишини ларзага солади. Илк кунларда журналист қўли деворнинг юқори қисмидаги халқага боғлиқ ҳолда ухлашга мажбур бўлган. Ўтириш ва ётишни таъқиқлашган. Ҳожатга чиқишига рухсат берилмаган. Тергов давомида электрошок ва сувқайнаткични (кипятилник) қўллаш, омбур ёрдамида тирноқларни кўчириб олиш, бошқа маҳбуслар орқали ўлдириб юбориш ёки ОИТС юқтириш билан давомий қўрқитилган. Россияда ўқиётган қизини "зўрлаш" ва Тошкентдаги фарзандларини "ўлдириб кетиш" билан таҳдид қилганлар. Журналист ҳибсга олингандан кейин тўхтовсиз калтакланган. Пластик қувур, бита ва арқон билан товон, тўпиқ, сони ва орқасига уришган. Ҳушини йўқотганда устидан совуқ сув қуйишган.

Замонавий қийноқлар из қолдирадими?

Абдуллаевнинг ишида суд адвокатнинг суд-тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантирди ва экспертиза унинг тергов жараёнида қийноққа солинганлигини тасдиқламади. Сабаби, унинг танасида жароҳат излари топилмади. Шу ўринда қийноқлар киши танасида из қолдириши шартми, саволи туғилади.

Абдуллаев 2017 йил сентябр ойида ўғирлаб кетилганлигини ҳисобга олсак, қийноқлар бўйича экспертиза 2018 йилнинг апрел ойида тайинланди. Табиики, 6-7 ойлик муддат ичида қийноқларнинг бадан устидаги излари кўринмай кетиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, экспертиза фақат қийноқларнинг жисмоний изларини қидирмаслиги керак эди, чунки баъзи қийноққа солиш усуллари жисмоний из қолдирмаслиги мумкин. Шу сабабли, қийноқ деганда ҳамиша XV аср инквизицияси кўз ўнгимизга келмаслиги керак. Яъни, замонавий қийноқ усуллари фақат игна, омбир, электрошок, фалангадан иборат эмас. Ҳозирги қийноқ усуллари умуман из қолдирмаслиги мумкин, аммо кишини руҳан, жисмонан синдиради, инсонлигини ўлдиради. Ухлашга қўймаслик, давомли оёқда тутиш, оч ушлаш, таҳқирлаш, оиласи ва ташқи дунё билан алоқани бутунлай кесиш, оила аъзоларига тажовуз қилиш билан қўрқитиш каби усуллар бирга ва давомий қўлланилганда анъанавий қийноқ усуллари берадиган жисмоний ва руҳий азобни бериши мумкин.

Қийноқлар содир этилганлигини исботлаш кимнинг мажбурияти?

Судланувчи қийноққа солинганини айтганда, бу ҳолатни исботлаш кимнинг вазифаси эканлигига бир оз ойдинлик киритиш даркор. Амалдаги қонунчиликда бу борада аниқ қоидалар белгиланманган. Аммо халқаро амалиётга кўра, судланувчи қийноқларни иддао қилиб, қийноқлар ҳақида қўшимча маълумот берганидан кейин қийноқлар содир этилмаганлигини исботлаш айблов зиммасига юклатилади. Шу сабабли суд экспертиза тайинлаш билан чекланмасдан, айблов Абдуллаевга қарши ҳеч қандай ноқонуний куч ва тазйиқ қўлланилмаганини исботлаши кераклигини буюриши зарур эди.  

Судланувчи “Мен қийноққа солиндим,” деб айтган вақтдан бошлаб айблов қийноқлар содир этилмаганини исботлаши керак. Айблов учун буни амалга оширишнинг ягона йўли барча жиноят процессуал талаблар қатъий бажарилганлигини кўрсатиш билан бажарилади. Бунда судланувчи ҳибсга олинган вақтдан эътиборан бажарилган жиноят процессуал ҳаракатлар бирма-бир кўрсатилиши керак. Жумладан, тергов биносига олиб келинганда судланувчи рўйҳатдан ўтказилганми, унинг жисмоний аҳволи ҳақида баённома тузилганми, қаерда сақланаётгани ҳақида оиласига ёки адвокатига хабар бериш имконияти берилганми, сўроқ қилиш ким томонидан, қачон ва қандай амалга оширилгани ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

Юқоридаги занжирда бирон номувофиқлик кузатилганда, судланувчи қийноққа солингани ҳақидаги иддаолар асос, деб топишга сабаб беради. Масалан, судланувчи ҳибсга олингандан кейин оиласи у ҳақида узоқ вақт ҳеч қандай маълумот олмаганлиги, унинг махфий жойларда сақланганлиги ва унга қонунан белгиланган кафолатлар бузилганини кўрсатади. Ёки адвокатнинг киритилмаганлиги ёки судланувчини сўроқ қилиш жараёни ҳақида аниқ маълумотнинг мавжуд эмаслиги каби ҳолатлар унинг қийноққа солинганлиги эҳтимолини орттиради.  

Видеокузатувнинг қийноқлар олдини олишдаги аҳамияти

2017 йил 18 апрелда Президент Шавкат Мирзиёев “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорини имзолаган эди. Қарор 1 январ 2018 йилгача Ички Ишлар органларида сўроқни стенография усули билан ёзиб олиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видеога муҳрлаш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этилишини буюради. Бундай тергов хоналарини ташкил этиш йўлга қўйиляпти.

Тергов хоналарида видеокузатув ўрнатилиши гумондорнинг ҳуқуқ ва эркинликлари яхшироқ ҳимоя қилинишига ёрдам бериши табиий. Аммо бундай чора кўрилишининг терговчига ҳам ўта аҳамиятли фойдалари бор. Масалан, терговчи хатти-ҳаракатлари устидан туҳмат ёки асоссиз шикоят қилинишининг олди олинади, зеро видеокузатув натижасида ёзиб олинган тергов жараёни терговчи қонун доирасида ҳаракат қилганига далил бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга сўроқ қилинаётган киши ўз кўрсатмаларини осонлик билан ўзгартира олмайди. Бундан ташқари, бутун сўроқ қилиш жараёни ёзиб борилаётгани терговчига эътиборни кўрсатмаларни ёзиб боришга эмас, балки уларнинг мантиқийлиги, мутаносиблиги ва кетма-кетлиги каби ҳолатларга эътибор бериш имконини беради. Қолаверса, кўрсатмаларни сўроқдан кейин қайта-қайта эшитиш имкони аввал эътибор берилмаган ҳолатларни фош этишда ёрдам бериши мумкин.

Абдуллаев ишида жиноят процессида аввал кўрилмаган ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Амалдаги қонунчиликда назарда тутилган барча процессуал кафолатлар бундан кейин ҳам таъминланиши керак. Шу билан бирга, Ички ишлар органи ёки ДХХ томонидан ҳибсга олинган киши қийноққа солиниши муқаррарлиги ишончини қийноқ қўлланилмаслиги, бундай қилган мансабдор шахсга эса қонуний жазо муқаррар эканлигига ишонч ҳосил қилиш вақти келди.

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос