Тошкент чет эллик ишчилар учун дунёдаги энг арзон шаҳар деб топилди

27.06.2018 | Ўзбекистон | 2870

Инсон ресурсларини тадқиқ қилиш соҳасида дунёдаги энг йирик консалтинг ташкилоти — Mercer компанияси ҳисоботига кўра, Тошкент экспатлар (экспатриант — чет эллик ишчи ёки корхонанинг чет элда ишлайдиган ходими) учун дунёда энг арзон шаҳар деб топилди. 

24 йилдан буён олиб борилаётган тадқиқот 209 та шаҳарни қамраб олади ва ўз ходимларини чет элда ишлашга юбораётган компаниялар харажатларни тўғри ҳисоблаши учун мўлжалланган.

Мезонлар сифатида яшаш нархи кўриб чиқилди, таққослаш учун таянч шаҳар сифатида Нью-Йорк, валюта сифатида АҚШ доллари олинди.

Бундан ташқари, транспорт ва кийим-кечакдан уй учун маҳсулотлар ва кўнгилочар машғулотларгача бўлган 200 дан ортиқ буюмлар баҳолари кўриб чиқилди.

Экспатлар учун энг қиммат шаҳарлар рейтингида Гонконг, Токио, Цюрих, Сингапур, Сеул, Луанда, Шанхай, Нджамена, Пекин ва Берн етакчилик қилди.

Тошкент энг сўнгги — 209-ўринда жойлашди. Ундан олдинги поғоналарни Тунис, Бишкек, Банжул, Карачи, Блантайр, Тбилиси, Минск банд қилди.