Ўзбекистон божхоначилари 16,8 миллион сўмлик «Нефть» номли ароқ маҳсулотини ушлаб қолди

28.06.2018 | Жамият | 2860

Ўзбекистон божхоначилари "Москва-Андижон" поезди йўловчиларининг юкларини божхона назоратидан ўтказиш вақтида, йўловчилардан бирининг юклари орасига 48 дона салкам 40 литр ҳажмдаги "Нефть" ароқлари яширилганлигини фош қилишди, деб хабар қилди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Дастлабки маълумотларга кўра мазкур алколли ичимликларнинг умумий қиймати 16,8 млн. сўмни ташкил этар экан.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг "Келес" темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан "Алмата-Нукус" йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиларидан бирининг юклари божхона назоратидан ўтказилганида, юклар орасида божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган салкам 80 литр турли хил пиво ичимликлари борлигини аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, жисмоний шахслар Ўзбекистонга алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони 2 литргача божсиз олиб киришлари мумкин.