Хоразмда онаси ва укасини ўлдирган 17 ёшли қотилга ҳукм ўқилди

09.07.2018 | Жамият | 4109

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида онаси ва 5 ёшли укасини ўлдирган коллеж ўқувчиси О.А. га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар бермоқда

Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган 17 яшар судланувчи О.А. муқаддам ўғрилик жиноятини содир этган. Бироқ тайинланган жазодан тегишли хулоса чиқармай, ўта оғир жиноятга қўл урди.

У 2018 йил 31 январь куни уйида ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик оқибатида онаси Г.Т. ни ғишт бўлаги билан укасининг кўзи олдида бошига бир неча маротаба уриб, рўмол билан бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдирган.

Сўнг содир қилган жиноятини яшириш мақсадида укаси, вояга етмаган М.А. ни ҳам рўмол билан бўғиб ўлдирган.

Судланувчи О.А. га нисбатан Жиноят Кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») тегишли бандлари билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.