Хитойликлар АҚШ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ўрнига Ўзбекистонникини сотиб олишмоқчи

09.07.2018 | Ўзбекистон | 3755

Пекиндаги гилос экспортёри Чжао Сяою Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо уруши сабабли Ўзбекистон ва Туркиядан гилос импортини йўлга қўйишга олиб келиши мумкинлигини айтди, деб хабар берди east-fruit.com портали.

Унинг айтишича, ҳозирда мавжуд шартномалар АҚШдан гилос келтириш ҳажмини кескин камайишига олиб келмайди. Лекин “агар вазият шундай давом этадиган бўлса, биз Ўзбекистон ва Туркия маҳсулотларига мурожаат қиламиз”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 6 июл куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Хитой маҳсулотларига 25 фоиз бож солиш ҳақидаги қарори кучга кирди.

Пекин ҳам Америкадан келтириладиган гилос, соя, автомобил, чўчқа гўшти ва бошқа маҳсулотларга бож киритди.

Вашингтон асосий эътиборни техника маҳсулотларига, Пекин эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларига қаратган.

Ўзбекистон гилос экспорти бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради.