Андижонда минглаб инсонларнинг музқаймоқдан заҳарланишига сабабчи бўлган “Макс Крем” кафеси директорига ҳукм ўқилди

11.07.2018 | Ўзбекистон | 3913

2018 йил 10 май куни Жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 186-моддаси 4-қисм “б” банди билан айбли деб топилган Бултирбоев Жахонгирмирзо Жамолдин ўғлига оид жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди, деб хабар бермоқда Бўз туман суди Sof.uz нашрига.

Бултирбоев Жахонгирмирзо Жамолдин ўғли 2015 йил 20 апрелда Андижон тумани ягона дарча маркази томонидан берилган гувоҳномага асосан якка тартибда тадбиркор сифатида Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган “Макс Крем” номли музқаймоқ кафесида аҳолига музқаймоқ сотиш фаолияти билан шуғулланиб келган.

2017 йил 14-15 май кунлари хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган музқаймоқ маҳсулотларини ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариб, Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган “Макс Крем” номли музқаймоқ кафесида аҳолига сотганлиги натижасида, мазкур музқаймоқни истеъмол қилган жами 1073 нафар фуқарони заҳарланишига сабабчи бўлган.

Андижон вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат марказининг 2017 йил 16 майдаги ёзма маълумотига кўра, Ж.Бултирбоев хавфсизлиги кафолатланмаган музқаймоқ маҳсулотлари сотиб келганлиги, фрейзер аппарати ва бошқа иш қуролларини ювишда зарарсизлантирувчи воситалардан фойдаланилмаганлиги, бу билан Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган 0310-14 сонли “Умумий овқатланиш шохобчаларига санитария-гигиеник талаблар” санитария меъёр ва қоидалари талабларига, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 7, 14 бандлари, “Аҳоли санитария эпидемиологик осойишталиги” Қонунининг 24-моддаси талабларига риоя қилинмаган ҳолда фаолият кўрсатганлигини маълум бўлган.

Суд, Ж.Бултирбоевга жазо танлашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, уни келиб чиқиш сабабларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 7-моддасидаги “Жазолашдан кўзланган мақсадга ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддаларида назарда тутилган енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкин”лиги, 8-моддасидаги “Жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги” ҳақидаги нормаларга амал қилиб, шахсини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишлигини, оилали бўлиб, қарамоғила икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оиласини ягона боқувчиси эканлигини, 1 йилдан буён қамоқда сақланиб, ўзига тегишли хулоса чиқариб олганлигини, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгаши томонидан тақдим этилган кафолат хатини ва судланувчини соғлом муҳитга қайтариш мақсадида амалга ошириш лозим бўлган индивидуал дастур ишлаб чиқилганини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатори, Ўзбекистон Қаҳрамони Ш.Маматқуловнинг судга қилган сенаторлик мурожаатини, оилавий шароитини, мингдан ортиқ жабрланувчиларнинг даволари йўқлигини, қисман бўлса-да, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатганлигини, жиноят содир этиш мотив ва мақсадларини ҳамда жабрланувчиларнинг судланувчига нисбатан даволари йўқлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллашга монелик қиладиган ҳолатлар йўқлигини эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, кейин унинг ҳаракатлари талқин этилаётган модда санкцияси доирасида назарда тутилган 5(беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини энг кам қисмидан ҳам камроқ миқдорда тайинлашликни, бироқ ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлигига яна бир бор имкон бериш мақсадида ва юқоридаги шахсига оид ҳужжатларни эътироф этган ҳолда уни хулқини жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатиш мумкин деган қатъий бир тўхтамга келиб, унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, 2 (икки) йил синов муддати белгилашни ва унга яна бир имкон бериш мақсадида, жабрланувчиларнинг даволари йўқлигини, ҳозирги кунда тадбиркорларга кенг имкониятлар берилаётганлигини эътироф этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасини қўлламасликни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.