Тошкентда уйсизларнинг паспорт билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди

12.07.2018 | Ўзбекистон | 2595

Тошкент шаҳар ИИББ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида 55 нафар кишига биометрик паспорт топширилди, деб хабар берди Тошкент ШИИББ матбуот хизмати.

Тантанали равишда ташкил этилган маросимда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи - полковник Бадриддин Шорихсиев ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари - полковник Дониёр Тошхўжаев иштирок этди.

Тошкент шаҳар  реабилитация марказига муайян яшаш жойи ва паспортига эга бўлмаган шахслар олиб келиниб, уларга тегишли ёрдам кўрсатилади. Биринчи галда уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлиқларини ва ҳужжатларини тиклаш, яқинларини топиш ва манзилларига юбориш чора-тадбирлари кўрилади.

“Шу билан бирга ушбу саховат ишига ҳисса қўшишлари учун мурувватли кишилар таклиф қилиб келинмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ бу ҳақда бир неча бор мурожаат билан чиқди. Эътироф этиш керак, ушбу таклиф интернетдаги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди, уйсизларга ёрдам қўлини чўзиш ташаббуси илгари сурилди. Ўз навбатида Бош бошқарма томонидан кийим-кечак ва озиқ-овқат тақдим этмоқчи бўлганлар учун мурожаат телефонлари ва манзиллар ҳақида маълумот берилди. Лекин афсуски, интернетдаги чақириқларнинг кўпи қуруқ гаплигича қолиб кетди. Ёрдам бермоқчиман деб марказ эшигини тақиллатиб келганлар бармоқ билан саноқли холос”, - дейилади хабарда.

Бош бошқарма ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари ва кўрсатилган ёрдам учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирди. ИИББ марказдаги шахсларга ёрдам кўрсатиш мавзуси ҳамон долзарблигини маълум қилди.