Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қирилиб кетиш арафасида турган халқлар
14.07.2018 18:57,  
103

Ер юзи аҳолиси тезлик билан кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда сайёрамизда яшаётган аҳоли сони 7 миллиарддан ошиб кетди. Аҳоли сони ошиб борар экан, шу билан бирга бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган халқлар ҳам борлигидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Гап бу ерда сон жиҳатидан камайиб бораётган қабила ва элатлар ҳақида бормоқда. Улар глобализация ва ассимиляциянинг қурбонига айланмоқда. Шу тариқа йўқолиб бораётган халқ билан бирга, уларнинг маданияти ва турмуш тарзи ҳам йўқ бўлиб кетмоқда.

Тезлик ва нанотехнологиялар асрида цивилизациядан панада бўлган халқлар ҳам мавжудки, уларнинг айримларининг тақдири хавф остида қолмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида 370 миллионга яқин туб халқ вакиллари истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 5 фоизи демакдир. Сайёрамизда 6 мингта халқ бўлиб, тадқиқотларга кўра, халқларнинг сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Цивилизация камсонли халқларни ер юзидан супуриб ташламоқда, гўёки. Улар билан бирга тиллар, маданиятлар йўқолиб бормоқда. Инсоният такрорланмас маданиятдан аста-секин жудо бўлиб бормоқда. Агар табиада қандайдир ҳайвон ёки ўсимлик йўқолиб кетиш арафасида турган бўлса, бу ҳақда бонг урилади. Бутун бошли халқлар йўқолиб борар экан, бунга оддий, шу билан бирга табиий ҳодиса сифатида қараб бўлмайди. Чунки сайёрамиз халқлари орасида хилма-хиллик бўлмас экан, бу инсоният эволюциясига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.

Маданиятлар хилма-хиллигининг камайиб боришини фожеа сифатида қабул қилиш керак. Маданиятлар тирик организмга ўхшайди. Улардан бири олиб ташланса танамиз кемтик бўлиб қолади.

Сураткаш Жимми Нельсон қўлидаги фотоаппарат билан дунё бўйлаб сайёҳат қилар экан сайёрамизнинг турли мамлакатларида бўлган. У майда халқлар вакиллари орасида бўлиб, уларнинг турмуш тарзини цивилизия вакилларига етказишга ҳаракат қилади. Жимми Нельсоннинг лойиҳаси “Ҳозирча улар йўқ бўлиб кетмади” деб номланади. Лойиҳа ташқи дунёдан бутунлай ажралиб қолган халқлар турмуш тарзи, ҳаёти, урф-одатлари ҳақида атрофлича маълумот беради.

Журналлардан бирига берган интервьюсида Жимми Нельсон уч йил мабойнида 44та мамлакат худудида истиқомат қилаётган 29 та қабила вакили орасида бўлганини айтган эди. Унинг лойиҳаси сайёрамиз аҳолисининг ноёб қирраларини очиб беришга имкон беради.

Йўқолиб бориш хавфи арафасида бўлган халқларнинг урф-одат ва анъаларини асраб қолиш мақсадида Бразилияда бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг 23 октябридан 1 ноябрига қадар туб халқ вакилларининг биринчи халқаро спорт мусобақалари ўтказилди. Мусобақаларда 2200 нафар спортчи иштирок этди. Бразилиядаги туб аҳоли вакилларидан ташқари 20 та мамлакатдан, жумладан, АҚШ, Канада, Мексика, Янги Зеландия, Россия, Мўғилистон, Парагвай, Гватемаладан вакиллар келди. Шу тариқа туб халқ вакилларининг маданияти ва анъаналари кенг тарғиб қилинди.

Йўқолиб кетиш арафасида бўлган халқлар хақида қисқача маълумот берамиз.

Самбуру. Кения ҳудудларида истиқомат қилади. Аҳоли сони 160 минг кишидан ошмайди. 

Хули. Индонезия ва Папуа — Янги Гвинеяда яшайди. Аҳолиси 150 мингга яқин кишидан иборат.

Бушменлар. Ангола, Ботсвана, Замбия, Зимбабве, Намибия, Жанубий Африка Республикаси ҳудудларида истиқомат қилади. 100 минг кишидан иборат.

Ладакхи. Ҳиндистон ҳудудларида истиқомат қиладиган бу халқ сони 57 минг кишидан иборат.

Ваорани. Эквадор шарқида яшайдиган бу халқ 4 мингга яқин кишидан иборат.

Кокопа. Атиги 300 кишидан иборат бу халқ Мексика ва АҚШнинг Аризона штатида яшайди.

Цаатанлар. 280 кишидан иборат бу халқ вакилларини Мўғилистон ҳудудларида учратиш мумкин.

Танзанияда масаи деган қабила бор. Бу халқ вакиллари болаларини ёшлик чоғлариданоқ ҳарбийликка ўргатишади.

Кўчманчиликда яшашни одат қилган рабари қабиласини Ҳиндистонда учратасиз. Бу қабила қизларини ёшлик давридаёқ чеварликка ўргатишади.

Мурси қабиласи Эфиопияда асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан машғул. Айни дамда Омо дарёси соҳилларида истиқомат қилувчи бу халқ вакиллари сайёҳлар билан суратга тушиш ҳисобига топган пул эвазига кун кечирадилар.

Непалда лоба деб аталувчи халқ бор. 1991 йилга қадар улар яшайдиган Ло Қироллигига ёки Юқори Мустанг ўлкасига сайёҳларнинг бориши тақиқланган эди. Эндиликда бу халқ турмуш тарзи билан яқиндан танишмоқчи бўлганлар 2–3 кун пиёда юриб Кали-Гандаки соҳилидаги қишлоққа етиб олишлари мумкин.

Нима учун бутун бошли халқлар тарихга айланмоқда? Бугунги кунда бу масала долзарб мавзуга айланиб бормоқда десак асло янглишмаймиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан