Жефф Безос замонавий дунё тарихидаги энг бой одам бўлди

18.07.2018 | Иқтисод | 2694

Amazon ширкати асосчиси жаҳон янги тарихидаги энг бой одам деб эълон қилинди. Bloomberg нашрининг билдиришича, Amazon ширкати асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги 150 миллиард долларни ташкил қилади. Хабарда айтилишича, Forbes жаҳоннинг энг бой одамлари рўйхатини эълон қила бошлаганидан то шу кунгача дунёда Жефф Безосчалик бой одам бўлмаган.

1999 йилда Microsoft асосчиси Билл Гейтснинг бойлиги 100 миллиард долларга етгани хабар қилинган эди. Bloomberg нашрининг билдиришича, Гейтснинг ўша пайтдаги бойлигини доларнинг бугунги қийматидан келиб чиқиб ҳисобланса, 149 миллиард доллар бўлар эди.

Лекин Гейтс бугунги кунда фақат 95 миллиард долларга эга ва дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида иккинчи ўринни эгалламоқда.

Жефф Безос Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатининг биринчи поғонасида биринчи марта 2018 йилда қайд этилган эди.