Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамроев коррупция ҳақидаги фикрларини эълон қилди
18.07.2018 19:19,  
12

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайтида депутат Алишер Ҳамроевнинг коррупция ҳақидаги фикрлари эълон қилинди.

«Қулоҳни биласиз: қаландар ва дарвешлар киядиган учли қалпоқ.

Ўтмишимизда у билан боғлиқ ажойиб воқеа бор.

Баҳодир Ялангтўш (Низомиддин Ялангтўшбий Оталиқ, 1576−1656 й) Самарқандга бир эмас икки марта (1612 ва 1645 йилларда) ҳоким этиб тайинланган. У салтанат ва Самарқанд халқи олдидаги хизматлари учун «Оталиқ» унвонига («Эл отаси» маъносини англади) сазовор бўлган. Тарихда ҳар қандай ҳоким бундай унвонга лойиқ бўлавермаган.

Хўш, Баҳодир Ялангтўш қандай хизматлар қилганки, бундай юксак унвонга сазовор бўлган?

Тарихий манбаларга кўра, моҳир саркарда сифатида душманлар устидан қозонган ғалабалари, салтанат сарҳадларини дахлсиз сақлашдаги хизматлари, Самарқанд музофотини обод, қўрғонини мустаҳкам, элини фаровон этган, азим шаҳардаги яратувчилик ишлари учун Ялангтўшбий «Эл отаси» унвонига лойиқ топилган.

Таажжубки, ана шундай юксак рутбадаги инсон туну-кун дарвешлар қалпоғи — кулоҳ кийиб юрар экан. Ўша кезларда Самарқанднинг Регистон майдони теграсида жойлашган бозорни айланишни хуш кўрган ҳокиму мутлақ Ялангтўшбийни оддий фақиру-фуқаролардан ажратиб бўлмас, чунки эгнидаги коржомаси ҳамин қадар эл қатори бўлар экан.

…Бир куни у кишига ҳамроҳ ғазначи ва бир навкар гавжум жойда ҳокимнинг қаландар кулоҳини қора қилиб эргашиб борар эди. Мавсум боши бўлгани учунми, ҳоким қовун сотаётган бир деҳқон йигитнинг олдида тўхтабди. Чоғроқ қовунлардан қўлига олиб, шапатилаб-шапатилаб кўриб, икки донасини ажратибди. Нархини сўраб, савдолашибди. Нарх келишилгач, ҳоким белбоғига илинган ҳамённи пайпаслабса, ҳамён бўш эмиш… Ҳоким буни кузатиб турган деҳқонга жилмайибди-да, ёнида эргашиб юрган ғазначига юзланиб, «Ғазнадаги маошимдан ҳақим борми?» деб сўрабди. Ғазначи қўлини кўксига қўйган ҳолда икки букилиб, «Ғазна сизнинг ихтиёрингизда, тақсир» дебди. Ялангтўшбий қошини чимириб, унга қаттиқ тикилганча, «Ғазна билан менинг маошимни адаштирманг!» дебди. Ғазначи гапни тушуниб, «ҳақингиз йўқ» деган ишора берибди-да, мулзам бўлганча, бир қадам тисланиб, жим тураверибди.

Баҳодир Ялангтўш бошидаги кулоҳини авайлаб ечиб, деҳқон йигитга узатибдида «Шу кулоҳга айирган қовунларимни берасанми?» дебди. Деҳқон кулоҳни қўлига олиб, кўздан кечиргач, «Жуда эски экан-да, тақсир» дебди. Савдога гувоҳ бўлиб турган навкар ҳокимнинг орқасидан туриб, деҳқонга имо-ишора қилар, гоҳ бош бармоғи билан қароргоҳ томонни кўрсатар, гоҳ чопон ёқасини очиб, тўшини яланг қилар эди.

Ниҳоят деҳқон қаршисида Самарқанд ҳокими Баҳодир Ялангтўш турганини фаҳмлади. «Тақсир, Баҳодир Ялангтўшнинг кулоҳи биз учун табаррук», дея кўзига суртиб, қўнжига тиқибди, ердан қовунларни олиб, ҳокимнинг қўлига тутқазибди…

Бутун Самарқанд измида бўлган Баҳодир Ялангтўш ғазна у ёқда турсин, ҳатто оддий деҳқондан бир дона қовунни текин олишга, яъни, унинг ҳақига хиёнат қилишни ўзга эп билмаган. Қиссадан ҳисса шуки халқнинг ҳокимни ҳалол, диёнатли, эл отаси, деб билгани — элнинг ишончини суиистеъмол қилмаганлиги учундир.

Яна бир муҳим далил борки, айтмасак бўлмас.

Манбаларда айтилишича, «Тиллақори» мадрасасининг гумбазига етмиш килограммдан зиёд олтин сарфланган. Мадраса гумбазининг нафислиги, наққошлар ишининг мураккаблиги бўйича бу гумбаз «Гўри Амир» мақбараси гумбазидан қолишмайди. Шердор мадрасасининг салобати, гўзаллиги ҳозирга қадар барчани ҳайратга солади.

Самарқанднинг «Ер юзининг сайқали» бўлишига ҳисса қўшган «Тиллақори» ва «Шердор» мадрасаларини қурдирган шундай буюк шахс, ўзига мўъжазгина мақбара ҳам қурдирмаган.

Ҳатто, мадрасаларнинг қурилишида ишчиларга гўшт етказиб берган қассоб ўзини Регистонда дафн этишларини сўраганида шу оддий қассобнинг илтимоси вожиб этилган…

Баҳодир Ялангтўш эса, ўзини Самарқанд шаҳридан ўн икки километр наридаги Даҳбед қишлоғида мозори жойлашган Махдуми Аъзам зурриёди бўлмиш, тариқат илми билимдони Ҳожи Рашид Даҳбедийнинг оёқ учига қўйишларини васият қилган. Мозор бўсағасини ҳатлаганда қаршингиздаги қабр Самарқанд вилояти ҳокими Низомиддин Ялангтўшбий Оталиқнинг мангу қўним топган маконидир.

Ўтмишда порахўрлик, яъни коррупция бўлмаган десак, янглишамиз. Албатта, бу иллат инсоният танасига асосан «нафс» кўринишида зулукдек ёпишиб, давлат асосларини емириб, жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келади. Коррупция илдиз отган жойда адолатсизлик, иймонсизлик, қонунга ҳурматсизлик ҳукмронлик қилиб, парокандалик юз бериши тарихдан маълум.

Инсоният бу иллатнинг пайини қирқиш учун мудом қонунларга таяниб курашиб келмоқда.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан, президент сифатида имзо чеккан энг биринчи қонун ҳам «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлди (2017 йил 3 январь). Юртимизда ушбу қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида президентнинг 2017 йил 2 февралдаги Қарори ҳамда 2017−2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича «Давлат дастури» қабул қилинди. Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар билан танишиб чиқсангиз, коррупцияга қарши курашиш, унга буткул чек қўйиш учун беихтиёр «Бундан ортиқ яна нима қилиш керак?», деб ўзингизга савол берасиз.

Аммо кейинги пайтларда халқ ва президент ишонч билдирган айрим амалдорларнинг порахўрлиги билан боғлиқ воқеалар ҳали олдимизда қилинажак ишларимиз кўп эканидан далолат беради.

Депутатлар корпуси ҳам мазкур қонун ва Давлат дастури ижросини таъминлаш борасидаги вазифаларни қатъий адо этишда четда турмаслиги, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари аҳолининг ушбу иллатга қарши муросасиз муносабатини шаклллантиришда жонбозлик кўрсатмоғи лозим. Зеро, жамиятда бир нафар порахўр ё коррупция қулига айланган амалдорнинг чиқиши халқнинг давлатга ҳамда раҳбарларга бўлган ишончига жиддий путур етказади. Агар ўша бебурд амалдорнинг кўксида депутат ёки сенатор нишони бўлса — урди худо деяверинг. Бундан мудҳиш манзара бўлмаса керак…"

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан