Тошкентда ноқонуний кесилган 2 туп чинор учун 46 миллион сўм жарима белгиланди

20.07.2018 | Ўзбекистон | 2731

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида 2 туп чинор дарахтини ноқонуний кесган ташкилот вакилларига нисбатан 46 млн 100 минг сўм жарима белгиланди, деб хабар қилмоқда ЎзА.

“Ўрда канали яқинидаги 2 туп чинор дарахтининг ердан 4-5 метр баландликдаги қисми қолдирилиб, кесиб ташланган. Суриштирув натижасида ҳеч қандай рухсатномасиз, ноқонуний тарзда амалга оширилган ушбу ҳаракатга мутасадди ташкилотларнинг масъуллари томонидан йўл қўйилгани маълум бўлди. Уларга нисбатан 46 миллион 100 минг сўм миқдорида жарима белгиланди”, - дейилган хабарда.

Хабарда айтилишига кўра, 2018 йилнинг 6ойи давомида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Тошкент шаҳар бўлинмасига Тошкент ва Сирдарё вилоятидан 4 минг 400 тупдан зиёд дарахт кесилишига оид 607 мурожаат бўлган. Шу мурожаатларнинг 404 таси рухсатнома асосида кесилаётгани маълум қилинган. 203 мурожаат эса ноқонуний ҳолда амалга оширилаётгани боис керакли чоралар кўрилган.

Ушбу муддат давомида пойтахтимизда ҳам соҳага оид ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш, тегишли чоралар кўриш юзасидан рейдлар ўтказилди. Жараёнда ноқонуний равишда дарахт кесишга йўл қўйилган ҳолатлар аниқланиб, қонунни бузган шахсларга нисбатан 95 ҳолатда 17 миллион сўмдан ортиқ жарима солинди. Айни вақтгача 10 миллион 100 минг миқдордаги жарима ундирилган.

Бундан ташқари, 86 ҳолатда 930 миллион сўмдан зиёд ўсимлик дунёсига етказилган зарар аниқланган ва 37 ҳолат бўйича 27 миллион 600 минг сўм миқдордаги жарима ундирилган. 

Табиатга етказган зарари учун 4 фуқарога нисбатан 361 миллион 500 минг сўм жарима белгиланди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида қўшма қарор тузилди. Унда белгиланишича жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб 1 туп кесилган дарахт учун 10 туп манзарали кўчат экиш белгиланди. Дарахтларни кесишда аввал битта ташкилот мутахассиси ўрганиб, хулоса чиқарган бўлса, эндиликда бу жараёнга мутасадди ташкилот ходими, маҳалла ва ҳудуддаги ТСЖ ходимлари ҳам жалб этилади.