Абдулазиз Кoмилов АҚШда дин эркинлиги масалаларини муҳокама қилади

22.07.2018 | Ўзбекистон | 2355

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Кoмилов 24-27 июл кунлари АҚШга ташриф буюради, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Кoмилов бошчилигидаги делегация 2018-йилнинг 24-27-июл кунлари амалий ташриф билан АҚШда бўлади. Ташриф доирасида Диний эркинликни таъминлаш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этади,” – дейилган хабарда.

Ундан ташқари, Ўзбекистон делегациясининг Вашингтон шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг январь ойида АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Хезер Науэрт, ўнлаб мамлакатларга, жумладан Ўзбекистонга ҳам диний эркинлик масалалари борасида бир қатор даъволари борлигини эълон қилган эди.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бунга жавобан Давлат Департаментининг ҳисоботи мамлакатда юз бераётган ижобий ўзгаришларни ҳисобга олмаганини қайд этган эди.