Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ер участкаларини очиқ муҳокамаларсиз олиб қўйиш тақиқланди
2.08.2018 11:50,  
7

1 сентябрдан бошлаб давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

Фармонга кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;
  • халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
  • автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктлари бош режаларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Фармон мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш мақсадида қабул қилинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан