Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани Шаббоз бозорида ўғри деб гумонланиб ушланган шахсни қўлидан осиб қўйишгани акс этган видео тарқалганди.
Депутат Нуриддин Зайнитдинов Facebook’даги саҳифасида бу ҳолатни кескин қоралади:
Ижтимоий тармоқларда бугун тарқалган “бозорчи”лар томонидан ўғриликда айбланиб, дарвозага қўлидан осиб қўйилган йигит акс этган ушбу видео инсон ғазабини келтирмасдан иложи йўқ. Биз нечинчи асрда яшаётганимизни уйлаб қоласан киши, 15 асрдами? Бу босар-тусарини билмай қолаган "самосуд"чи -“бозорчи”лар, бизнинг жамиятда қонун устуворлигини унутиб, ҳуқуқ-тартибот хизматлари ва суднинг ваколатларини наҳот ўз зиммаларига олган бўлсалар... Бу бозорни милицияси, “бозорком”и, тумани прокурори, ҳокими борми?
Ким бўлишидан қаъти назар бундай ҳолатга йўл қўйлиши мумкин эмас эди. Ҳеч қачон!, дея ўз фикрларини ёзиб қолдирди депутат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон декларациясининг 11-моддаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 14-моддаси ҳамда ЖПКнинг 23-моддасига мувофиқ, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.
Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.
Фақат асосли ва одилона жазо тайинлаш орқалигина жамиятни жиноий хуружлардан самарали ҳимоя этиш, судланганларни тузатиш ва қайта тарбиялашга эришиш, судланганлар ҳамда бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишни таъминлаш мумкин, деб фикрини якунлайди Нуриддин Зайнитдинов.