Мажбурий ижро бюроси бошлиғи пичоқ урилиши оқибатида вафот этди

06.08.2018 | Жамият | 4598

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраев 1 август куни Тошкентда Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази жонлантириш бўлимида вафот этди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, МИБ бошлиғи ўзининг собиқ ходими томонидан пичоқланган.

Аввал давлат ижрочиси И.Шавкатов у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги сабабли хизмат хонасидан ўзига тегишли буюмларни олиб кетиш мақсадида бўлимга келади. У ерда бўлим бошлиғи Баҳром Жўраев билан тортишиб қолиб, ёнида бўлган ошхона пичоғини қорин соҳасига 1 маротаба санчиб, унга тан жароҳати етказади.

Баҳром Жўраев Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан 3 май куни ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи И.Шавкатовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.