Ҳуқуқшунос минбари: Каттақўрғон воқеаси ёхуд фалажланган давлат органлари ва фуқаролик жамияти

14.08.2018 | Блог | 3002

Бир қарашда Каттақўрғонда содир бўлган ҳодиса пайсалга солинмасдан, жавобгарларга нисбатан қисқа вақт ичида қонунда белгиланган чоралар кўрилиши керак эди. Амалда ундай бўлмади: Санъат Умаров содир этган қилмиш ижтимоий тармоқларда #ҚадримниТоптама ҳештеги билан кенг тарқалиб, миллионлаб кишининг ғазабига сабаб бўлганидан кейингина ҳибсга олинди. Таҳқирланган аёл ҳодиса ҳақида ариза топширганига қарийб 45 кун ўтишига қарамасдан, тергов қандай якунланганини ҳалигача билмаймиз. Мазкур ҳодиса Ички ишлар органлари фаолиятида кенг тарқалган ваколат суистеъмоли билан бирга, давлат органлари ва фуқаролик жамияти фаолиятидаги жиддий нуқсонларни ҳам кўрсатди. Қуйида мазкур нуқсонлар айнан нимада кузатилганлигига тўхталиб ўтамиз.

1. Ички ишлар органлари

Каттақўрғон ҳодисаси каби ҳолатларда биринчилардан бўлиб чора кўриши керак бўлган энг асосий давлат органи бу Ички ишлар органлари. Ваколат суиистеъмоли олдини олиш учун Ички ишлар органларининг биринчи вазифаси ўз ҳодимлари қаторига энг муносиб шахсларни танлаш ва уларни тегишли тайёргарликдан ўтказиш. Ваколат суистеъмоли рўй берганда эса тегишли ҳодим(лар)га қарши зудлик билан чора кўриши керак.

Каттақўрғон воқеаси эса юқоридаги икки вазифа самарасиз бажарилаётганини кўрсатди. С. Умаров Ички ишлар органларида ишлашга нолойиқ киши. У бу ҳолатга бир кунда тушмаган. Шунга қарамасдан Ички ишлар органларига ишга қабул қилиниб, кўп йиллар давомида ишлаб, капитан унвонини олган. Демак, вазифа ва мажбуриятларини тўғри бажараётгани устидан ҳеч қандай назорат бўлмаганига гувоҳ бўлдик, зеро хабарларга кўра аёлларга нисбатан бундай муомалада бўлиш "одатий" бўлган.

Шу билан бирга, таҳқирланган аёл ҳодиса ҳақида 22 июнь куни ариза топширган бўлишига қарамасдан, 8-июлгача ҳеч қандай чора кўрилмади. С. Умаровни дарҳол ишдан вақтинчалик четлатиш ўрнига кенг омма унинг қилмиши ҳақида хабардор бўлишига қадар ўз лавозимида ишлаб юраверди. Бу эса унга истаса, жабрдийда билан кўришиш, уни қўрқитиш, далилларни йўқотиш, гувоҳлар кўрсатмаларини ўзгартириш ва бошқа қонунбузарликлар изини йўқотишга кенг имконият яратиб берди.

Бундан ташқари, Ички ишлар органлари зудлик билан ички тафтиш жараёнини бошлаши, ҳодисага алоқадор ёки воқиф бўлган барча кишилар аниқланиши ва уларга тегишли чора кўриш масаласи муҳокама қилинаётган бўлиши керак эди. Қисман шундай бўлди ҳам. 16 июль куни Ички ишлар тарқатган баёнотга кўра, 6 нафар ходим ишдан олинди. Аммо бу етарли эмас, зеро баёнотда айтилишича, мазкур ходимларнинг бир нечтаси хизмат вазифаларини "бажармаганлар" ёки "қўпол камчиликларга йўл қўйганлар", бу эса қилмишнинг даражасига қараб жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши керак эди.

2. Прокуратура

Қонун билан аниқ белгиланган чораларни кўришда сустлик Прокуратура фаолиятида ҳам кузатилди. Ички ишлар органлари каби, Прокуратура ҳам С. Умаровни ҳибсга олиб, унга қарши жиноий иш очишига керагидан ортиқ вақт кетди. С. Умаровнинг ижтимоий хавфлилигини ҳисобга олиб, унга қарши зудлик билан қамоққа олиш чораси қўлланилиши керак эди.

Унга қарши қўйилган айбловларда ҳам жиддий камчиликларни кўриш мумкин. С. Умаровга қарши Жиноят Кодексининг фақат 206-моддаси билан жиноий иш қўзғатилди. Ваҳоланки, мазкур ҳолатга энг камида ​яна бешта алоҳида модда қўлланилиши ​мумкин эди: жабрдийда оёғига икки марта тепгани учун 109-модда (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш); видеолавҳани ёзиб олиб, уни тарқатгани учун 130-модда (Порнографик маҳсулотни тарқатиш); жабрдийдани тўхтамасдан сўкиб, ҳақорат қилгани учун 140-модда (Ҳақорат қилиш); С. Умаровнинг мазкур ҳаракатлари мансаб ваколати суистеъмоли бўлгани учун 205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)​; ва 235-модда (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала қўллаш). Хўш, мазкур моддалар асосида нимага С. Умаровга қарши айб қўйилмади?

Бундан ташқари, С. Умаровнинг ноқонуний, ғайриинсоний ва киши қадр-қимматни камситувчи муомаласига бир неча ИИБ ҳодими гувоҳ бўлган. Жумладан, бевосита қонунбузарлик содир этилган хонада энг камида яна бир ҳодим бўлган. С. Умаров жабрдийдани бутун бошли бўлимда яланғоч юришга мажбурлаган. Мазкур ҳолатга гувоҳ бўлиб, ҳеч қандай чора кўрмаган ҳодимларга қарши Жиноий Кодекснинг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва/ёки 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан ҳам жиноий иш қўзғатилиши мумкин эди. Аммо ҳалигача бундай бўлмади.

3. Парламент

Халқ номидан иш олиб бориш учун Олий Мажлисда 250 депутат ишлайди: 150 нафар Қонунчилик палатаси депутатлари ва 100 нафар Сенат аъзолари. Аммо 250 кишидан атиги 4-5 депутат Каттақўрғондаги ҳодиса юзасидан фикр билдирди. Бу яхши. Аммо бу каби ҳодисаларга депутатларнинг жавоби оддий муносабат билдириш билан чекланмаслиги керак, зеро амалдаги қонунчилик уларга самарали чора кўриш учун кенг ваколатлар берган. Масалан, парламент назорати. Икки йил аввал парламент назорати тўғрисида бутун бошли қонун қабул қилинди. Бу қонун Каттақўрғонда содир бўлган ҳодисаларга жавобан қўлланилмаса, қачон қўлланилади?

Парламент назорати ичига парламент сўрови ва парламент текшируви каби ваколатлар киради (Парламент назорати тўғрисидаги Қонуннинг 5, 14, 18-моддаларига қаранг). Бу ваколатлар асосида Олий Мажлис депутатлари нафақат Ички ишлар органлари, балки прокуратура фаолияти устидан ҳам назорат ўрнатиши мумкин. Масалан, С. Умаровга қарши энг камида Жиноят Кодексининг юқорида санаб ўтилган 5та моддаси билан айблов эълон қилиш мумкин бўлганда нимага фақат битта модда асосида иш қўзғатилгани ҳақида парламент сўрови киритилиши керак эди. Ёки нимага биттадан кўп Ички ишлар ходими бу ҳодисада бевосита ёки билвосита иштирок этганига қарамай, фақат бир кишига қарши жиноий иш очилди? Мақола муаллифи халққа яқин бўлган ва ижтимоий муаммоларга муносабат билдириши билан танилган депутатлар Қодир Жўраев, Расул Кушербаев, Акмал Бурҳанов ва Нуриддин Зайнитдиновларга мазкур саволни берди, аммо жўяли жавоб ололмади.

Бундан ташқари, Олий Мажлис қошида бутун бошли Омбудсман фаолият кўрсатади. Ваколатларига давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш киришига қарамасдан (1-модда), Каттақўрғондаги ҳодисадан 5 кун ўтиб муносабат билдирди. Баёнотда умумий жумлалар қаторида тергов жараёнини кузатиб боришни “режалаштирмоқда"лиги, Бош Прокуратурага сўров юборилгани айтилади, халос. Баёнот ҳам бевосита Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили жаноб Улуғбек Мухаммадиевдан эмас, идора номидан ёзилган.

Демократия ва инсон ҳукуклари институти раҳбари Сайёра Ходжаева ҳам ҳеч қандай жиддий муносабат кўрсатмади. Ходжаева ўзининг Facebook саҳифасида ҳодиса бўйича Россияда жойлашга mail.ruнинг қисқа хабарига ҳавола келтириб, "Беспределу конец...." деб изоҳ қолдиради (бу ҳам ҳодиса рўй берганидан 2 кун ўтиб). Аёл, давлат арбоби, ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида бошқа ҳеч қандай танқидий ёндашув, бундан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида бирон мулоҳаза ёки таклиф билдирмагани кишини ҳайратга солади.

4. Фуқаролик жамияти

Каттақўрғонда бўлган ҳодиса фуқаролик жамиятининг ҳам абгор аҳволини кўрсатди. Ўзбекистонда 8 минг 700га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд эканлиги айтилса-да, уларнинг лоақал 5тасидан тузукроқ фаоллик кузатилмади. Энг жиддий фаоллик Хотин-қизлар Қўмитасида кузатилиши керак эди. Ундай бўлмади. Қўмита раҳбари Танзила Нарбаева тарқатган илк баёнотда Ички ишлар ҳодимларини ҳимоя қилиб чиқди.

Албатта, ҳодисадан бир неча кун ўтиб Нарбаева жабрдийда уйига ташриф буюриб, турли ижтимоий ёрдам турларини таклиф этди. Бу олқишланиши керак. Аммо Хотин-қизлар Қўмитасининг асосий вазифаси гуманитар ёрдам кўрсатишдан кўра аёллар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишдан иборат. Бу борада Ички ишлар органлари билан "йўл харитаси" ишлаб чиқилаётгани ва аниқ талаблар киритилиши ҳақида хабар берилди. Аммо бу ҳолатда эътибор биринчи навбатда айб учун жазонинг муқаррарлигига қаратилиши керак эди. Афсуски, Қўмита фаолиятида С. Умаров ва бошқа Ички ишлар ҳодимларига қарши бир неча асосга кўра жиноий жавобгарликка тортиш борасида самарали чоралар кузатилмади.

Худди шундай муаммони Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий Марказ фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Марказ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш мақсадида 1996 йилда тузилган. Каттақўрғондаги ҳодиса эса Марказ давлатга қарашли инсон ҳуқуқлари бўйича таҳлил, маслаҳат ва мувофиқлаштириш органи сифатида ўз вазифаларини самарали бажармаётганини кўрсатди.

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўз вазифаларини бажармас эканлар, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни кафолатлаш борасида қабул қилинган 700дан ортиқ қонундан ҳеч қандай наф бўлмайди. Фуқаролар конституциявий ҳуқуқлари бўлмиш жамоатчилик назорати доирасида мансабдор шахслардан ўз вазифаларини бажаришларини талаб қилишлари керак. Шундай бўлмагунча давлат органлари ўз вазифаларини тўлиқ бажармайди, фуқаролик жамияти эса жонланмайди. 

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос