Туркияда лира қадрсизланиши ортидан ўзбекистонликлар топаётган пул қарийб икки баробарга камайиб кетди

14.08.2018 | Таҳлил | 3448

Туркия миллий пули – лира жорий йил бошидан буён 40 фоиздан кўпроққа қадрсизланиб, душанба куни 1 АҚШ доллари 7 лирадан ортиқроққа тенглашиб қолди. Лира, айниқса, сўнгги бир ҳафта ичида кескин арзонлаб кетдики, натижада Туркияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан шикоятлар кела бошлади.

Кўплаб Ўзбекистонлик ишчилар Туркияда 430 долларлик ойлик иш ҳақилик шартнома тузган. Ўша пайтдаги курс билан бу 1603 лирага тенг эди.

Туркия ҳукумати 2018 йил учун белгилаб қўйган энг кам иш ҳақи 1603 лирадир.

1603 лира душанба, 13 август кунги курс бўйича 210-220 долларга тенг пул бўлди. 

Турк лирасининг қадрсизланиши Анқара – Вашингтон муносабатларининг совуқлашаётгани фонида кечмоқда.

10 августда, яъни лира кескин қадрсизланиши арафасида АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик пастор Эндрю Брансонни қамоқдан озод қилиш сўровини бажармаган Анқарага нисбатан иқтисодий санкция сифатида Туркияда ишлаб чиқариладиган пўлат ва алюминий импорти тарифларини икки мартага оширди.

Душанба куни Туркия Марказий банки лиранинг кескин арзонлаб кетиши ортидан молиявий барқарорликни сақлаб қолиш учун барча чораларни кўришга тайёр эканлигини билдирди. Банк бу чоралар нимадан иборат эканлигини очиқламаган, лекин лиранинг сешанба кунги бироз нафас ростлаганини кузатувчилар ўша баёнот билан боғламоқда.

Агар лиранинг кучи чиндан ҳам Анқара-Вашингтон муносабатларига боғлиқ бўладиган бўлса, лиранинг сешанба кунги нафас ростлаши вақтинчалик кўринади. Чунки, президент Эрдўғон сешанба куни туркияликларни Америка электроника маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди:

"Биз Америка электроника маҳсулотларини бойкот қиламиз. Агар уларнинг iPhoneлари бўлса¸ бошқа жойда Samsung бор. Бизда эса¸ Vestel Venusимиз бор" - деган Эрдўғоннинг бу чақириғи Анқара йиғини иштирокчилари томонидан қарсаклар билан қарши олинди.

Шу кунларда Туркиядаги марказий осиёликлар, хусусан ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги меҳнат муҳожирларидир. Лекин уларнинг нуфусига доир расмий рақамлар йўқ.

Айрим норасмий манбалар¸ Туркияда 100 минг нафарга яқин ўзбекистонлик бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурган.