Блогер минбари: Молия вазири таълимга жавобгар!

14.08.2018 | Блог | 5393

Ҳурматли Жамшид Қўчқоров!

Сизни Президентимиз ёш ва билимли кадр сифатида сиздан олдинги “каламуш”ларни йўқотиш ва Ўзбекистон молия тизимини яхшилаш мақсадида шундай юксак лавозимга тайинлаганларида, биз жуда хурсанд бўлганмиз, молия соҳасида анча ўзгаришларни қиляпсиз, ҳали-ҳануз биз сизнинг ақл-заковатингизга ишонамиз.

Вазир жаноблари, хабарингиз бор, олдинги молия раҳбарлари иқтисодиётни ўнглаш мақсадида ўқитувчилар ойлигини сунъий пасайтириш, уларга берилган имтиёзларни бекор қилиш йўлидан кетиб таълим ходимларини “кўкартиришмаган”. Яна бир нарсани биласизки, бошқа соҳалар каби нафақага эрта чиқиш, фарзанди учун Олий ўқув юртига имтиёзли кириш ва бошқа имтиёзлар бўлмаган ҳолда халқ таълими ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи мамлакат бўйича ҳисобланган ўртача маошнинг 79 % ини ташкил этади. Аминманки, бу статистика столингиз устида турибди.

Жамшид Қўчқоров, сиз ислоҳотлар жараёнида танланган командадансиз, Президент юргизаётган ислоҳотларнинг бир учини сиз ҳам елкангизда кўтариб турувчилардансиз, янги давр ва ҳукумат имижи шаклланмоқда, давлат халққа хизмат қиладиган даврни кўряпмиз, халқнинг катта бўғини бўлмиш Халқ таълими ходимларининг обрў-эътиборини, қадр-қимматини жамиятда оширишга Президент топшириқ берди. Бунинг учун, аввало, Халқ таълими вазирлиги бутун жамоаси алмаштириб ташланди, янги кучлар қўйилди. Сиз ва Иқтисодиёт вазирига эса ўқитувчининг моддий аҳволини яхшилаш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, энг аввало, ойлик маошини кўтариб бериш вазифаси юкланди. Бу ҳақда ҳамкасб вазирларингиздан Шерзод Шерматов ҳам Facebook саҳифасида айнан сизга мурожаат қилди. Реал капитални ўқитувчилар ойлигини кўтаришга қаратишга даъват этди. Бунинг иқтисодиётга фойдасини иқтисодий томондан тушунтириб берди. Сиз биласиз, таълим тизимини кўтариш, энг аввало, моддий таъминотга боғлиқ. Яхши ўқитувчилар бошқа жойларга ёки бошқа ишларга ўтиб кетаётгани, мактабда сиз молиячилар белгилаб берган ойлик  билан оила боқиб бўлмаслиги туфайли эркак ўқитувчилар ташлаб чиқиб кетгани, биргина сиз яшайдиган Тошкент шаҳрида ҳам 10% гина, Республика миқёсида 30% эркак ўқитувчи қолганлигидан хабарингиз бор деб ўйлайман. Таълимнинг сифати талабга жавоб беради деб ўйлайсизми? Йўқ а?

Бунга биргина Халқ таълими вазири жавобгар деб ўйлайсизми? Йўқ!

Бунга сиз ҳам жавобгарлигингизни эслатиб ўтаман, чунки сиз белгилаб бераётган ойликка яраша таълим шу бўлади.  Биласизми, Жамшид Қўчқоров, ярим йилдан буён ойлик оширилар экан, энг ками 3 миллион бўларкан, дея телеграмда тарқаган ёлғон “қарор”ларга охири ишонмай қўйгандик, лекин Шерзод Шерматов, “Президентимиз Халқ таълими соҳасини кўтаришни буюрдилар, бунда Иқтисодиёт ва Молия вазирлари ёрдам беришлари керак, ўқитувчилар ойликлари фоизларда эмас, бир неча баробар оширилиши керак”, деганда биз сиздан катта умид қилгандик. Ҳеч йўқ 2 баробарга ошириш таклифингизни кутгандик. Йўқ, афсуски, сиз Президентимизга 24% оширишни таклиф қилишдан у ёғига ўтмадингиз. Демак, мана шу таклифингиз билан ўқитувчилар ойлигини Республикадаги ўртача иш ҳақига тенглаб қўйдингиз, холос (0,79*1,24=0,97). Кўряпсизми, ўртачага ҳам етмади. Сиз бугунги кун мамлакат молия соҳасига жавобгарсиз, албатта, юрт келажаги ҳам Сизни қизиқтирмай қолмайди. Ишонаманки, сиз Ўзбекистондан юксак билимли кадрлар чиқишини истайсиз, бунинг учун ривожланган давлатлар қандай йўл тутганини ҳам биласиз, энг зўр капитал таълимга тикилган капитал эканини ҳам биласиз, Япония, Сингапур каби давлатлар қандай қилиб таълимга ўзлари қийналиб бўлса ҳам бор пулини тикиб ривожланиб кетганини кўргансиз. Aгар қарши бўлмасангиз, Жанубий Кореянинг ўқитувчилари шароити ҳақида қисқа гапириб ўтаман.

  • Кореяда ўқитувчининг мавқеи мансабдорникига тенглаштирилган, мансабдорлар имтиёзига эга,  бизда эса раҳматли Ҳожибой айтган ҳақиқат ҳали ҳам амалда: тракторчиларни тўрга ол!

  • Уларда бутун Давлат бўйича ўқитувчининг бошланғич йиллик маоши 30 минг доллар (эшитяпсизми, 30 ва яна 3 та нол)! Давомини эшитинг, кейинчалик иш стажи оширилган сари ҳар йили 2000 доллардан қўшилиб бораверади… “Дездемона, рўмолчам қани?!”

Ҳозир сиз таклиф қилган 24% ойлигингиз орқали ўқитувчи бойиб кетиши ёки жамиятда ҳамма “О-о-о!” деб юборадиган бўлишига ишонасизми? Мен ўтган йили 1 миллиондан бироз кўп ойлик олганман, бу йил 240 мингдан бироз кўп қўшилди, инфляцияни ҳисобга олмайлик, 2 қоп ун қўшилди, ёш оиламан, барибир бу ойликдан жамғарма орттиролмайман. Шу пайтгача машина минганим йўқ. Имтиёзли кредитнинг лойиҳасини ҳам Президент сизга ишонди, илтимос  қиламанки, сиз бу автокредитни 700-800 минг сўм ойликка кун кечирувчи ўқитувчи ҳам тўлай оладиган нархда ва муддати узоқ йилликда ишлаб чиқинг, биз ҳам машина минайлик, ахир! Тағин мана “имтиёзли” деб ўқитувчи ололмайдиган суммани кўрсатиб, мажбуран олдиришга тушиб,  бош оғриқ бўлмасин шуям бечора ўқитувчига?

Биламан, иқтисодимиз оғир дейсиз, сизниям тушунаман, ислоҳотлар қийин кечади, секин-секин жой-жойига туширяпти Президентимиз. Лекин таълим тизимида инқилобни аллақандай фоизларда ошириш билан қилиб бўлмаслигини сиз ҳам тушунинг.

Aйтганча, иқтисодимиз оғирлигини биламиз,  сиздан илтимос, жуда агар ЖЧга чиқса, гуруҳ босқичидаги 3 та ўйиндан кейин қайтиши аниқ бўлган термага анув Эктор Куперни ойига 250 минг долларга хусусий секторнинг пулига  олиб келдик, давлат пулига  эмас, денг илтимос, ҳеч йўқ алдаб қўйинг шундай дея биз ўқитувчиларни?

Исроил Тиллабоев, Халқ таълими аълочиси

(расмда Молия вазири Жамшид Қўчқоров ва блогер Исроил Тиллабоев)