Андижонда «Реал» ишқибозини ўлдирган «Барселона» ишқибози 18 йилга қамалди

17.08.2018 | Жамият | 3597

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида содир этилган қотилликка футбол ортидан ўйналган гаров сабаб бўлди. Бу ҳақда «Постда» газетаси хабар берди.

Баҳром ва Шерзод (исм-шарифлар ўзгартирилди) Европа чемпионлар лигасида қайси жамоа ғолиб чиқиши устидан гаров бойлашди. Баҳром «Реал», Шерзод эса Месси бошчилигидаги «Барселона» клубининг ушбу турнирда ғолиб бўлишини тахмин қилди. Ўртага 600 АҚШ доллари тикилди.

Баҳром ҳали уйланмаган, муқим иш жойи йўқ, моддий жиҳатдан ҳануз оиласига қарам, Шерзод эса оилали, бир нафар фарзанди бор, тирикчилиги деҳқончилик орқасидан ўтадиган оддий бир йигит. Шундай бўлса-да, улар ўйлаб ўтирмасдан гаров ўйнашди.

Турнир якунланди. «Барселона» ярим финалда қолиб кетди, «Реал» эса чемпионликни қўлга киритди. Бундан ҳаммадан кўпроқ Баҳром қувонди. Чунки у гаровда ютганди. Энди Шерзоддан 600 АҚШ долларини ундирса бўлади. Шундай ширин хаёл оғушида эрта тонгда кўчага отланди.

Бу пайтда Шерзоднинг, табиийки, кайфияти йўқ эди. Балки Баҳром бу келишувни жиддий қабул қилмас, гаровга тикилган пулдан кечиб юборар, дея ўйларди. Бироқ бундай бўлмади.

— Қўйсанг-чи, бу бир ўйин-ку, шуни жиддий қабул қилдингми, — деди Шерзод Баҳромга кулиб.

— Бекорчи гапни қўй, гаровми гаров. Ўша куни ўзинг бошладинг, энди лафзингда тур.

Шерзод қанчалик аврашга ҳаракат қилмасин, Баҳром унинг гапларини эшитишни истамади.

Шу кундан бошлаб Шерзоднинг ҳаловати йўқолди. Чунки Баҳром ҳар кўрганда гаровни эслатаверди, пулни сўраб келаверди. Шерзод эса эрта-индин, дея ваъда беришдан, ишонтиришдан чарчамади. Шу тариқа, ёз ўтиб, куз келди. Шундай кунларнинг бирида Баҳром:

— Агар гаровда ютқазган пулни тезда олиб келмасанг, отангга ҳаммасини айтиб бераман, — деди Шерзодга қўнғироқ қилиб.

Бу гап шусиз ҳам чора тополмай қийналиб юрган Шерзоднинг кўнглига баттар ғулғула солди. Отаси жуда қаттиққўл одам, гаров ўйнаганини билса, жазоланиши аниқ. Шунинг учун ҳам бу ишни ҳал қилмаса бўлмайди. У ўша куни опасидан 100 доллар олиб, Баҳромга етказди. Шу билан унинг тинчланишига умид қилди.

— Ҳозирча шуни олиб тур, сира имкон тополмаяпман. Насиб қилса, яқинда Россияга кетаман. Борибоқ ишлаб, биринчи сенга жўнатаман.

Бундай ваъдаларни кўп эшитган Баҳром энди унга қулоқ солишни истамади.

— Бўлди, сен билан сичқон-мушук ўйнашдан чарчадим, ошна. Ўғил боламисан ўзи? Нимангга ишониб ўйнадинг унда гаровни? Муҳлат тугади, қаердан бўлса ҳам топасан пулни, бўлмаса, ўзингдан кўр!

Бу гап Шерзодга жуда қаттиқ ботди. Вазият янада чигаллашди. Энди ундан қутулишнинг бошқа чорасини излай бошлади. Ўша куни Баҳромнинг унга қўнғироқ қилиши сўнгги қарорга келишига яна бир туртки бўлди.

— Кечқурун учрашайлик, пулни олиб кетасан.

Улар Шерзоднинг уйи яқинида кўришишди.

— Қани юр, холироқ жойга борайлик, дадам чиқиб қолмасин.

Шерзод шундай деганча уни дала томон етаклади.

Иккаласи дала четига борди. Бу ерда ариқ бор эди. Негадир Шерзод безовта бўлар, хаёли жойида эмасди. Лекин мўмай пул орзусидаги Баҳром унинг бу ҳолатини сезмади.

— Қани, пулни олиб чиқдингми? — деди яна тоқатсизлик билан.

— Ҳозир, қўлимни чайиб олай.

Шерзод ариқ томонга ўтди, қўлини ювиш баҳонасида чўнтагидан арқон чиқарди ва тезлик билан Баҳромнинг бўйнига ташлади. Кейин жон-жаҳди билан бўға бошлади. Нима бўлганига тушунмай қолган Баҳром типирчилаб-типирчилаб, жон таслим қилди…

Суд Шерзод Мухторов томонидан содир этилган қотилликни ўрганиб чиқиб, унга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.