Она ўз қизини жинсий алоқага мажбурлаганликда гумон қилинмоқда

19.08.2018 | Жамият | 5565

Фарғона вилояти Бешариқ туманида истиқомат қилувчи аёл ғаразли мақсадда вояга етмаган қизини (14 ёш) жинсий алоқага киришишга мажбурлаганликда гумон қилинмоқда, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси.

Августда аёл уч эркакка ўз қизи билан жинсий алоқага киришишлари учун воситачилик қилган. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси қизнинг 17−18 ҳафталик ҳомиласи сунъий йўл билан туширилганини кўрсатди.

Суд-псиатрия экспертиза хулосаларида қизнинг онаси ва уч эркак ўз ҳаракатларини тушуниб етгани ва ўз ҳаракатларини бошқара олганлиги, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга муҳтож эмаслиги кўрсатилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар шифохонасининг суд-комплекс психологик-психатрия экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган қиз ақли заифликнинг енгил даражаси деб номланган туғма руҳий касаллик билан хасталангани, у ўзига нисбатан қилинган жинсий ҳаракатларнинг моҳиятини тўлиқ тушунмагани кўрсатилган.

Тўрт гумондорга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари якунланиб, иш жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига тақдим этилган.

Таҳририятдаги маълумотларга кўра, барча масъул шахсларга нисбатан ҳам хизмат текшируви бошланган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берар экан, жамоатчиликни бу каби ҳолатлар ҳақида маълумотга эга бўлганда тегишли органларга мурожаат қилишга чақирди.

У йил охирида Хотин-қизлар қўмитасининг ягона ишонч рақами ишга тушишиши, у орқали аёллар ва қизлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари, зарурат туғилганида эса ўзларига яқин бўлган марказлар кўмагидан фойдаланишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Танзила Норбоева профилактика инспекторлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мактаблар ва Ёшлар иттифоқи ўртасида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали алоқа йўқлигини ҳам тан олди.