Ванесса Мэй Тошкентда бепул концерт тақдим этади

19.08.2018 | Ўзбекистон | 2866

5 сентябр куни Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи тасарруфидаги Ёшлар симфоник оркестри томонидан Буюк британиялик машҳур скрипкачи ва бастакор Ванесса Мэй иштирокида хайрия концерт дастури ташкил этилади, деб хабар қилди Ўзбекистон ЁИ матбуот-хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров.

Илгарироқ ижтимоий тармоқларда скрипкачи Ванесса Мэй Тошкентга келиши ҳақида хабар тарқалган эди.

"Ҳа, Ванесса Мэй Тошкентга келади. У Ёшлар симфоник оркестри билан биргаликда хайрия концертини тақдим этади", - деди Абдуқодиров.

ЁИ матбуот-хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу хайрия концертини ташкил этишдан мақсад - Ўзбекистон ёшлари ўртасида жаҳон классик мусиқа меросини оммалаштириш, ёшларни нодир санъат асарларига бўлган қизиқишларини ошириш ва иқтидорларини рағбатлантиришдир.

Концерт пойтахтдаги Форумлар саройида ўтказилади.

Концертга таклифномалар фаол ва иқтидорли ёшлар, маданият ва санъат арбоблари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва ҳалқаро ташкилотлар вакиллари, Давлат ва жамоат ташкилотларининг фаол вакилларига бепул таркатилиши кўзда тутилган, деб қўшимча қилди Абдуқодиров.