Автоҳалокат натижасида «Ўзбекнефтгаз» раиси Алишер Султонов жароҳат олган

20.08.2018 | Ўзбекистон | 4359

20 август куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти кортежи Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида йўл-транспорт ҳодисасига учраганини хабар берган эдик.

«Kun.uz» нашри аниқлик киритишича, Бекобод туманига кетаётган кортеж Деҳқонобод МФЙ яқинида аварияга учраган.

Бош прокуратурадан «Kun.uz»га тасдиқлашларича, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Дамас» русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Ушбу ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов жароҳат олган.

Манба маълумотига кўра, кортежнинг бош қисмидаги Алишер Султонов бўлган автомобиль жиддий жабрланган, бош вазир ўринбосари ҳамда унинг ёнида бўлганлар тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Айни вақтда улар шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Бош вазир Абдулла Арипов минган автомобиль эса кортежнинг орқароғида бўлган ва ЙТҲ вақтида жиддий шикастланмаган. Арипов ва унинг ёнидаги яна бир киши ҳам енгил тан жароҳатланган, уларнинг саломатлиги барқарор ҳолатда.