Ўтган ҳафта давомида юз берган автоҳалокатлар натижасида 46 нафар фуқаро ҳалок бўлди

20.08.2018 | Ўзбекистон | 2567

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра ўтган ҳафтада (13 августдан 19 августгача) республика автомобиль йўлларида жами 173та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Ушбу ҳодисаларда 46 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 166 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 82132та қоидабузарликлар аниқланиб, бу қоидабузарликларнинг 39623тасини қўпол қоидабузарликлар ташкил этади. 

Жумладан, 1487 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлиги, 11125 нафар ҳайдовчи белгиланган тезлик талабларини бузганлиги, 1040 нафар ҳайдовчи светофорнинг тақиқловчи ишорасига риоя этмасдан чорраҳалардан ўтиш қоидасини бузганлиги, 12007 нафар ҳайдовчи одам ташиш қоидасини бузганлиги, 266 нафар ҳайдовчи темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидасини бузганлиги учун тўхтатилиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 

Шунингдек, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 790 нафар ва хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатланган 13701 нафар ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилди.