Самарқандда чўчқалар боқилаётган чиқиндихона ҳақида лавҳа тайёрланди (видео)

24.08.2018 | Жамият | 3204

Самарқанд шаҳрининг асосий чиқиндихонаси Сўлим ва Кимёгарлар қўрғонига яқин ҳудудда жойлашган. Бу чиқиндихона ноқонуний чўчқахоналарга айлантирилган. 

"Зарафшон" нашрида эълон қилинган мақолада қайд этилишича, ушбу ҳудудда чўчқа боқиш мумкин эмаслигини вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказидан бошлаб ветеринария ходимлари ва участка нозирлари ҳам билишади, бироқ ҳеч қандай амалий чора кўрилмайди. Самарқанд шаҳри давлат ветеринария бўлими бошлиғи ўринбосари Болиқул Ҳакимовнинг сўзларига кўра, барча чўчқалар “Наврўз” маҳалласи фуқароларига тегишли. Улар 100 фоиз шу ерда озиқлантирилади. – Участка ветеринария нозири Азим Ғафуров билан маҳаллада бу жониворларни доимий равишда куйдирги, ўлат, экзема касалликларига қарши эмлаб келамиз, - дейди Б.Ҳакимов. Бироқ чўчқа эгаларининг ўзлари ҳам нечта жонивори борлигини билишмайди, чунки уларни қоида бўйича парваришламайди, маҳалла оралаб, йўл четларида юришларига қўйиб беришади. Биз бир неча марта маҳалла аҳлини йиғиб, уларга жониворларни сақлаш қоидаларини тушунтирдик, чўчқалар орасида касаллик тарқалиши хавфи ҳақида айтдик, бироқ одамларга бу гаплар деярли таъсир қилмаяпти. Уларнинг кўпчилиги ҳеч қаерда ишламайди, чўчқа боқиш ягона даромади. Биз ҳар томонлама талабларга жавоб берадиган ихтисослашган йирик чўчқа фермасини ташкил қилишни таклиф қилдик. Бироқ бу уларни қизиқтирмади, чунки шунда улар емиш ҳақида ўйлаши керак бўлади. Бу чиқим дегани, улар эса буни исташмайди.

Бу чўчқаларнинг гўштини аҳолининг ўзи истеъмол қиладими ёки у кимларгадир сотиладими, бу ҳақда мақолада маълумот берилмаган. Чўчқалардан қўшнилар ҳам безор. Улар вилоят ДСЭНМга шикоят қилишдан чарчашган.

– Ҳозир ёз, биз эса чўчқа боқаётган қўшнилар дастидан деразаларимизни очолмаймиз, - дейди “Наврўз” маҳалласида яшовчи Моҳигул Турсунова. – Эрталаб соат 4 да юзлаб чўчқа қўйиб юборилади ва улар тўғри чиқиндихонага қараб кетишади. Бутун кўча сасиб кетади, ҳамма жойни тезаги босиб кетади. Менинг ўзим қишлоқ врачлик пунктида санитарман, тозаликни ёқтираман. Уйимда иккита вояга етмаган фарзандим бор, бироқ бу бедодликка ҳеч қандай чора кўролмайман.

Вилоят ДСЭНМ бош врачи Обрўй Бойқобиловнинг сўзларига кўра, идора ходимлари томонидан антисанитария ҳолатлари бўйича рейдлар ўтказиб келинади, санитария-гигиена қоидаларини бузганлар жаримага тортиляпти. Шаҳар маиший чиқиндилар полигони ходимлари томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилаётган экан.

 “Давр” дастурида ҳам бу ҳақда лавҳа эфирга узатилди. Мухбирнинг сўзларига кўра, юз гектар майдонга эга чиқиндихона атрофида 100 дан зиёд чўчқахоналар бўлиб, уларнинг ҳар бирида 50-60 тадан зиёд чўчқалар борлиги айтилмоқда.