Ўзбекистонда Гулнора Каримовага пора берганларнинг суд иши бугун Швецияда бошланади

04.09.2018 | Жаҳон | 3404

Швециянинг Telia телекоммуникация компаниясининг уч нафар собиқ ходимлари устидан Ўзбекистонда 2007—2010 йилларда пора берганлик ҳақидаги иш бўйича суд бугун, 4 сентябрь куни Стокгольмда бошланади, деб ёзади Sputnik.

Иш қарийб беш йил текширилган, ўшанда компания Telia Sonera деб номланган, тергов тугагани ҳақида Швеция прокуратураси ўтган йилнинг сентябрида хабар берган эди. Порахўрлик айбловлари ўша вақтда, хусусан, Telia Sonera’нинг собиқ директори Ларс Ньюбергга, Евросиёдаги бозор учун масъул бўлган Теро Кивисаарига ва компания ҳуқуқшуносларидан бирига нисбатан эълон қилинган. Уларнинг учаласи ҳам айбига иқрор бўлган, улар олти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция бўйича кенг кўламли текширувлар Нидерландия, Швеция ва Швейцария расмийлари томонидан 2012, АҚШ тарафидан эса 2014 йилда бошланганди. 2017 йилда ушбу текширувлар якунлангач, Telia муросага бориб, уни текширган органларга 965 миллион доллар тўлашга рози бўлди.

Терговчилар хулосасига кўра, Telia Ўзбекистон бозорида мустаҳкам ўрнашиб олиш мақсадида, Швеция прокуратураси фикрига кўра, ўша вақтда Ўзбекистон телекоммуникация бозорини деярли тўлиқ назорат қилган Гулнора Каримовага йирик суммада пул тўлаган. Тергов маълумотларига кўра, 2007 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда поралар суммаси 280 миллион еврога етган бўлиши мумкин.