Антиқа усулда яширилган тиллалар ушлаб қолинди

04.09.2018 | Ўзбекистон | 3784

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳаво йўллари орқали тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига қарши чора-тадбирларни мунтазам давом эттирмоқда.

Sof.uz’га Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тилла ва заргарлик буюмларини антиқа усулда олиб ўтмоқчи бўлган шахс тўхтатиб қолинган.

Божхона назоратидан “қизил” йўлак орқали ўтар экан, фуқаро Г.З. божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринади. Яъни, йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 207 гр оғирликдаги тилла тақинчоқларни пойафзалининг ички қисмига яширганча олиб кирмоқчи бўлади. Аммо, унинг бу қинғир режаси наф бермади.

Мазкур заргарлик буюмларининг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 41 млн 400 минг сўмни ташкил қилар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.