Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Учта давлатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ўзгарди
6.09.2018 16:13,  
11

Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни Беларусь, Малайзия ҳамда Туркманистоннинг Ўзбекистонда Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Леонид Маринич, Хенди Ассан ва Язгул Маммедовдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Давлат раҳбари элчиларни мамлакатда фаолият бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ўз зиммасидаги шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда улкан муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон ва Беларусни ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган анъанавий дўстлик ришталари боғлаб келади. Биз Беларусь билан ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратмоқдамиз. Аминманки, яқин кунларда Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга амалга оширадиган расмий ташрифи давлатлараро муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очади, деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатда элчи бўлиб иш бошлаётган Леонид Маринич катта тажрибаси ва салоҳияти билан Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Малайзия билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратмоқда. Савдо, инвестиция, инновация, энергетика, транспорт ва логистика, фармацевтика, тиббиёт соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз. Бу борада Ўзбекистон — Малайзия қўшма савдо қўмитаси фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда туризм соҳаси, жумладан, зиёрат туризми бўйича ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан истиқболли йўналишлар очилмоқда, деди Президент.

Ўзбекистонда фаолият бошлаётган Хенди Ассан тажрибали ва обрўли дипломат сифатида мамлакатлар муносабатларини янада ривожлантиришга бутун куч-ғайрати ва салоҳиятини сафарбар қилиши қайд этилди.

Туркманистон – Ўзбекистонинг стратегик ҳамкори, бизнинг энг яқин ва ишончли қўшнимиздир, деди Президент. Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ҳамкорлиги ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида жадал ривожланиб бормоқда.

Туркманистоннинг энг тажрибали дипломатларидан бири Язгул Маммедовнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳар томонлама самарали бўлади, давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз, деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлатлар ва халқлар ўртасидаги алоқалар янги поғонага олиб чиқилишини, элчиларнинг дипломатик фаолияти самарали бўлиши учун Президенти Администрацияси, ҳукумат ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини таъкидлади.

Ўз навбатида, янги тайинланган элчилар самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор билим ва куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан