Жиззахдаги цемент заводидан ҳавога чиқаётган чиқинди инсонлар саломатлигига жиддий хавф солмоқда

07.09.2018 | Ўзбекистон | 2704

2014 йилда Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” очиқ акциядорлик жамияти таркибида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий технологиялар билан жиҳозланган “Жиззах цемент заводи” иш бошлаган. Бугунги кунда корхонада бир йилда 350 минг тонна оқ ва 760 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг маълум қисми қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Заводда 400 нафардан зиёд ҳамюртимизнинг бандлиги таъминланган. Бугунги кунда ушбу заводдан тарқалаётган кукун ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш тарзи ва саломатлигига зиён етказмоқда, деб ёзади "Халқ сўзи". 

Завод яқинида жойлашган Ҳамза қишлоғи аҳлининг сўзларига кўра, жорий йилнинг апрелидан бошлаб ҳар куни эрталаб соат 5-6 лардан оҳактош кукуни ёға бошлайди ва бу ҳолат тушдан кейинги соат 16-17 ларда камаяди.

— Биз бу вақтда уйдан чиқмасликка ҳаракат қиламиз. Барибир чанг ва кукун уй ичига кириб кетади. Болалар билан оғзимиз ва бурнимизни беркитиб оламиз. Қишлоқнинг деярли барча аҳолиси касалликка чалинган. Ишонмасангиз барча уйларга кириб чиқинг. Ҳар куни шу чангда 5-6 километр юриб аравада сув ташиймиз. Уйга олиб келган сувимиз ювинишимизга базўр етади, — дейди Ҳамза қишлоғида яшовчи Ҳамида Нормуродова. 

— Мен шу корхонада экскаваторчи бўлиб ишлайман, — дейди ўзини таништиришни истамаган яна бир шу қишлоқда яшовчи фуқаро. — Ҳозир иш вақти. Тоғда юк ортишим керак. Афсуски ишлай олмайман. Чанг ва оҳак кукунини қаранг устингиздан челак билан қуйгандек бўляпти. Бу туришда ишлаб бўладими. Шамол ўз йўналишини ўзгартирса шунда иш бошлаймиз. Корхона раҳбариятининг бундан хабари бор. Тозаловчи фильтр куйганига неча ойлар бўлди. Уни тузатиш борасида амалий ҳаракатлар қилинмаяпти. Бундан эса нафақат маҳаллий аҳоли вакиллари, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етмоқда.

Завод яқинидаги Оқ-том қишлоғи аҳолисининг айтишича, кейинги беш ой давомида заводда тозалаш ускуналари ишламаса-да, завод ишлаб тургани учун атрофдаги қишлоқлар ва чўпонлар жуда катта зарар кўришмоқда. Хусусан, қўйлар оҳак кукуни ва цемент тушган ўт-ўлан ва янтоқни ейиши натижасида ўтлаб юрган ёки ғўрада ўлиб қолмоқда. Қишлоқларда бадбўй ҳаводан нафас олишнинг имкони бўлмаяпти. Полиз ва бошқа экинлар сўлиб қолмоқда. 

Цемент заводи раҳбарияти эса бу ҳолатга изоҳ беришни истамаган. 

Нашр хабарига кўра, корхона бир кеча-кундузда тўлиқ қувват билан ишлаганда ҳавога 10-12 тонна чиқинди чиқар экан. Бироқ бугунги кунда заводдан бир кунда 200 тоннага яқин чиқинди ҳавога чиқиб кетмоқда. Энг ачинарли жиҳати, бу чиқиндилар деярли тайёр маҳсулот бўлиб, бир қайта ишланса тайёр цементга айланади. Бугунги кунда бир кило цементнинг бозор нархи 850-900 сўмни ташкил этмоқда. Демак, ҳар куни мазкур заводдан 170-180 миллион сўмлик маҳсулот ҳавога учиб кетмоқда. Бу маҳсулотлар учун сарфланган электр энергияси, ишчи кучи, фуқаролар саломатлиги учун ким жавоб беради?