Тожикистон таассуротлари Тиллабоев талқинида (1-қисм)

16.09.2018 | Блог | 3362

Яқинда Тожикистон давлатида бўлиб қайтган ўқитувчи ва блогер Исроил Тиллабоев қўшни мамлакатда кўрган-кечирганларини сайтимизга илинди.

Яқинда узоқ йиллик орзуларимдан бирига эришдим: Тожикистонга саёҳат қилдим. Гап шундаки, бизнинг Ўзбекистон тумани Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадош бўлиб қадимдан қариндош-уруғчилик, борди-келди шаклланган эди. Бизнинг бувимиз ҳам Тожикистоннинг Исфара тумани Лаккон қишлоғидан бу ерга турмушга чиққан эканлар. Уларники ўзбек қишлоғи бўлиб, ҳозир, бутун қишлоқнинг қавм-қариндошлари бизнинг туманнинг турли қишлоқларида яшар экан, хуллас туманимизда бу қишлоқни ҳамма танийди. Илгарилари ота-оналаримиз бориб, улар эса келиб туришар, яқинлигидан, ҳаттоки, улар Яйпан, Қўқонга ярим соатда келиб бозор қилиб кетишар, биз томонликлар ҳам ўз нарсаларини Исфарага бориб сотиб келишар эди.

Aфсуски, 12 йилдан ошиқ вақтдан буён ҳар икки давлат чегаралари беркитиб ташланиб, кучайтирилган виза орқали ўтиш жорий қилинган эди. Шундан кейин икки томондаги қариндошлар бир-бирининг дийдорига етолмай қолганди. Келин бўлиб тушганлар ўз ота-онасини кўролмади, қариндошлар бир-бирининг тўйи тугул азасига ҳам қатнашолмади. Менинг бир аёл ҳамқишлоғимнинг онаси ўлганда ҳам, ҳатто, чегарадан ўтолмай, дод деб йиғлаб, қайтиб келганини эсласам, ичим ғалати бўлиб кетади. Бизни Тожикистон билан атиги бир тоғ ва 20 км масофа ажратиб турарди. Мен 6-7 ёшимда бир марта борганман, болаларча ширин хотира қолган. Ҳар сафар орамиздаги тоғларга тикилиб, унинг ортидаги кишиларнинг турмуш тарзи ва ҳаётига қизиқаверардим. Қандай яшаяпти улар, урф-одатлари, фикрлашлари қандайлигини кўз олдимга хаёлан келтираверардим. Хуллас, мен учун шу кичиккина масофада бутунлай бошқа манзара ва ҳаёт борлигини ҳис қилардим, қачонлардир чегаралар яна очилиб саёҳат қилиб бориб келишимга умид қилардим, ишонардим.

Мана шундай улкан имкониятни менга, ватандошларимизга ва ўз навбатида қардош тожикистонликларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев тақдим этди! Чегаралар очилди, очилганда ҳам бир ойгача визасиз режим жорий қилинди, энди ҳеч қандай тўсқинликсиз икки давлат фуқаролари истаган жойларини саёҳат қилиб чиқишлари мумкин. Мен ҳам бу имкониятдан фойдаланиб яқинда онам, аёлим, ўғлим билан бирга қариндошларни йўқлаш ва шу баҳонада Тожикистоннинг оддий аҳолиси турмуш тарзи билан танишиш мақсадида йўлга отландим. Чегаралар очилган дастлабки кунлари ишлар билан бўлиб боролмагандим, лекин кўп эшитгандимки, чегара постида навбат жуда катта ва ўтиш учун 3-4 соатлаб вақт кетяпти, дейишган эди. Борсак, постда деярли ҳеч ким йўқ, ҳайрон бўлдик, кейин билсак, дастлабки ойларда биз томондан ўтувчи савдогарларга имконият катта берилган, шу пайтда жуда катта савдо оқими вужудга келган экан (асосан, бизнинг савдогарлар томонидан). Лекин кейинчалик бож тўлови жорий қилингач, юк олиб бориб сотиш харажатлари қимматга тушгани учун савдогарлар оқими кескин камайибди. Тожикистонликларнинг айтишича, ўша кунлари Исфара шаҳар ҳокими ўзбекистонликлар учун алоҳида бозор ташкил қилиб берибди. Ҳар куни тонг саҳардан қишлоқдаги, маҳалладаги ҳамма ўша бозорга бораверибди, ҳамюртларимиз олиб борган ҳамма товарларни тала-тала қилиб олишибди. Чунки бизнинг маҳсулотлар уларникидан анча арзон экан. Ҳаммани қўлида бизнинг маҳсулотларимиз, жуда шов-шувли савдолар бўлибди, хуллас ҳар икки томон одамлари хурсанд. Мени хурсанд қилаётгани ўзбекистонликларни тожикистонликлар ниҳоятда хурсандлик билан қабул қилганидир. Кўчада бирор ўзбекистонликни кўрган тожикистонлик ёрдам керакми, дея ҳол-аҳвол сўраб қандайдир фойдаси тегишга ҳаракат қилаётган эди.

Постдан ўтган заҳотим мен энди шунча йил сирли кўринган ўзга давлатга ўтганимни ҳис қилдим, шу пайтгача кунботар томонимда турган тоғ энди кун чиқар томонимга ўтиб қолди. Энди мен шу тоғ орқасида менинг ватаним, қишлоғим бор деб ўйлашни бошладим. Aлбатта фурсатдан фойдаланиб, суратларга туширишни бошлаб юбордим.

Кўп бора ўқиганимдек, Тожикистон ҳудуди салмоқли қисмини тоғлар ташкил қилишига амин бўлдим, биз доимо тоғлардан ажралмадик. Саёҳатимизнинг 1-куни Исфара туманининг Кўлканд қишлоғида бўлди, Қариндошимиз Aзимжон ака чегара постда бизни Мерседес машинасида кутиб олди ва уйига олиб кетди. Умуман олганда Тожикистонда ҳар қадамда чет эл Россия автомобиллари, Мерседес, Опел ва бошқаларни кўриш мумкин экан, ҳар-ҳарда ўзимизнинг Дамас ва Нексиямизни кўрдик.

 

Тасодифий кадр: иномаркалар

Кўлканд жуда катта қишлоқ бўлиб, 37 минг аҳоли бор дейишди. Унинг катталигини қишлоқда 5та мактаб, бир коллеж, 2-3 та банк шохобчалари, поликлиникалар борлигидан ҳам билса бўлади.

Кўчалар шахматдек тўғри ташланган, лекин торроқ экан, 2 та машина зўрға сиғади. Aҳоли жуда зич жойлашган, айтишларича, уй-жой жуда қиммат экан. Масалан, 3та уй солинган 6 сотихли жойни кўрсатиб, бир қанча сомон ёки рублга топиш мумкин дейишди. Ҳисоблаб, 45 минг доллар бўлишини айтишди, бизда бу пулга шаҳардан бемалол уй олиш мумкин.

Бизни қариндошлар бошлари кўкка етиб кутиб олишди, қишлоқ аҳолисининг ярми, хусусан, қариндошларимиз ҳам ўзбек бўлса-да, ўзбек тилида ҳам, тожик тилида ҳам гаплашиб кетавераркан. Лекин охирги йилларда, асосан, тожик тилида гаплашиб, мактабларда ҳам тожик тилида ўқитилиши сабабидан бизнинг қариндошлар ўзбек тилида баъзи сўзларни ёдларидан кўтариб қўйишгани сезилди. Афсусланарли томони - уларнинг фарзандлари ўзбек тилини билмай ўсибди, бундан ўзбек сифатида хийла ранжидим. Бизнинг мезбон Aзимжон аканинг ҳам 2 ўғил ва бир қизи бўлиб, катта ўғли Анушервон 9-синфни битирибди. Муайтай бўйича Тожикистон Республикаси чемпиони экан. Уччала фарзандлари ҳам, афсуски, ўзбек тилини билмайдилар.

Тожикистон фарзанди Меҳрибон ўзбек тилини, ўзбек ўғлони Муҳаммадмустафо тожик тилини билмайди, лекин иккиси бир-бирини бемалол ўз тилларида гаплашиб, тушуниб роса ўйнадилар…

Тожикистонликлар уйларини худди ўзбеклар каби ёғоч ўймакорлик билан безатишига қаттиқ эътибор беришар экан, биз меҳмон бўлган оила ҳам хонадонини жуда шинам қурганига амин бўлдим.

Уй шифтларини нақшлар билан безалган. Телевизорлари бизнинг ҳамма каналлар кўрсатар экан, экранда “Наво” телеканалимиз

Беш қаватли нақшлар анча қимматга тушар экан, лекин мана бундай ажойиб иш битгач, менимча, кетган пулларга ачинмаса бўлади

Мени топдингиз-а?:)

Ҳафсала билан қурилган ҳовли

Шундан сўнг биз Кўлканд қишлоғининг тарихий қадамжосига бордик. У ажойиб сўлим боғлар ичида жойлашган маскан экан.

Сув ёқалаб...

Иншоот ҳозир таъмирталаб, лекин илгари катта мажлис ва маросимлар жойи бўлган экан

Иморатнинг боғ ичидан кўриниши

Қаерлик усталар ишига ўхшатдингиз?

Гап шундаки, бино 1911 йилда қўқонлик усталар томонидан қурилган бўлиб, унда маъмурий йиғилишлар ўтказилган экан.

Боғдаги 100-200 йиллик нок дарахтлари, бундай қулочим етмайдиган дарахтларни энди кўришим

Кўлкандни айланишни давом этамиз. Қишлоқ кўчалари, уйлари Ўзбекистон меъморчилиги билан айтарли бир хил эканлигига амин бўлдим. Ҳа, тилни айтмаса, ўзбек ва тожикни ажратишнинг иложи йўқ.

Тарих ва замонавийлик бир жойда мужассамлашган

 Деворларга шундай нақшлар чизиш 80-90-йилларда бизда ҳам урфга кирганини катталаримиз эслашса керак

Сўнг биз тунги Исфарани айландик. Исфара салқин табиати, дарахтзорлари, гавжум парклари билан машҳур шаҳар экан. Шаҳар истироҳат боғида марказий парклардагидек турли-туман аттраксионлар бор. Ландшафти ҳам, аттраксионлар жойлаштирилиши ҳам ниҳоятда тартибли эканлиги диққатимни тортди.

Исфара парки кириш қисмидан лавҳа

Боғнинг ландшафтидан бир чимдим

Ҳадеб бизни олаверасизми, сизни ҳам олай, дея ўғлим олган сурат

 

Шу аттраксиони ҳам жуда чиройли ва тез экан

Эртаси куни йўл-йўлакай Кўлканд қишлоғидаги касбунар коллежига кирдим. Албатта, педагог сифатида қаерда бўлмай у ердаги таълим-тарбия масканини кўрмай қайтмайман.

Тожикистонда коллежлар 2 йиллик экан. Ўқувчилар 9-синфни битиргач, хоҳласа 10-11-синфни давом эттирар, хоҳласа коллежга кириб касб-ҳунар ўрганар экан.

Коллежнинг ораста ҳовлиси

Дам олиш, суҳбат қуриш жойи ҳам салқин ва чиройли қурилган

Коллеж қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар етиштиради

(Давоми бор)