Тожикистон таассуротлари Тиллабоев талқинида (2-қисм)

19.09.2018 | Блог | 3007

Яқинда Тожикистон давлатида бўлиб қайтган ўқитувчи ва блогер Исроил Тиллабоев қўшни мамлакатда кўрган-кечирганларини сайтимизга илинди. (Саёҳатноманинг биринчи қисми ушбу ҳаволада.) Қуйида саёҳатноманинг давомини ўқийсиз

...Шундан сўнг сафаримизни кейинги қариндошларимиз макони - Лаккон қишлоғига бурдик.

Ойна каби текис йўллар

Лаккон тоғлар бағридаги қишлоқ бўлиб, Қирғизистон билан бевосита чегарадош

Мана шу ариқнинг чап тарафи Лаккон қишлоғи - Тожикистон, ўнг тарафи эса Қирғизистон

Лаккон кўчалари

Лаккон қишлоғида асосан ўзбек миллатига мансуб кишилар истиқомат қилади. Барча аҳолиси ўзбек ва тожик тилида бемалол суҳбатлашар экан.

Қишлоқ аҳолисининг барчаси кунгабоқар экинини кўп экар экан. Ҳар бир хонадон дарвозаси олдида даладан йиғиштириб келинган кунгабоқар ишлов бериш жараёнини кутиб ётганини кўрдик. Кимдир қуритяпти, кимдир елпияпти, кимдир кунгабоқарнинг мевасини ажратмоқда.

Мана бундай ҳашарлар қишлоқ аҳолисининг ўлмас қадриятларидан эканлигига ҳам гувоҳ бўлдим.

Борган кунимиз эртасига 1 сентябр. Бу Тожикистонда биринчи қўнғироқ кунига тўғри келди, мен фурсатдан фойдаланиб, Лаккон қишлоғидаги мактабга 1-қўнғироқ тадбирига меҳмон бўлиб кирдим. Мақсадим қардош юртда 1-қўнғироқ қандай ўтказилишига тасаввур ҳосил қилиш, ўқувчиларнинг кайфиятини билиш эди. Тожикистонда ҳам 3-4 йилдан буён ягона мактаб формаси жорий қилинган экан, ҳаммага май ойидан бошлаб марказлаштирилган ҳолда бериларкан.

Ва ниҳоят, Тожикистонга бўлган 3 кунлик сафаримиз ниҳоясига етди. Биз Ватанимиз томон йўлга чиқдик. Бунинг учун аввал Исфара шаҳрига бориб, сўнгра таксида чегара постига етиб олишимиз керак эди. Менда энди Исфара шаҳрини кундузги ҳолатини ҳам кўриш имконияти туғилди.

Исфара, ҳақиқатан, гўзал шаҳарлардан эканини у ердаги бинолардан ҳис қилдим.

Шаҳардаги чойхоналардан бири

Шаҳар марказий кўчалари

Исфаранинг марказий автошоҳбекати

Биз келган микроавтобус

Исфарани томоша қилиш завқ бағишлайди

Исфара шаҳри ерости йўллари кенг бўлиб, атайин дўконлар учун мўлжалланган ва замонавий дўконлар билан тўла экан. Йўлларнинг икки ёни - ерости бозори!

Тушликни бизнинг Яйпан, Қўқон аҳолиси орасида ҳам донғи кетган марказий автошоҳбекат ичидаги чойхонада қилдик. Бу чойхонага бизнинг юртдошларимиз бозорга ёки иш билан келганда қанчаси кирмаган дейсиз, хуллас узоқ йиллик машҳур чойхона.

Ушбу егулик тўплами чойхонани бизнинг одамлар орасида ҳам машҳур қилган нонуштаси ҳисобланади. Бу нонуштани ўтган аср 80-90-йилларда Исфарага ташриф буюрган Қўқон, Яйпаннинг барча аҳолиси, албатта, тановул қилиб кўрган. Мен чойхоначилардан мана шу егуликни ҳалиям тайёрлаяпсизларми йўқми, дея сўрадим, ҳозир ҳам доимий менюсида бор экан. Кўриб турганингиздек ликопчага тоза навли сариёғ ва асал солиб, ёнига қаймоқ ва битта нон берилади. Сариёғли нонни бир йўла асалга ботириб урсангиз, ажойиб таъм берар экан. Бу ноз-неъмат 5 сомон, яъни 5000 сўм.

Тожикистон чойхоналари ошининг таъмини кўргим келди. Таъми яхши, ёқди менга. Нархи 7 сомон

Йўлга тушдик. Менимча, бу Исфаранинг олмазорларига ўрнатилган рамз деб ўйладим

Йўл-йўлакай машинада шу кадрни олишга улгурдим. Ўқувчилар янги ўқув йилига китобларини олиб кетяпти. Шу чоғда бутун дунё ўқувчилари бир хил эканлигини ҳис қилдим. Юзларида табассум!

Хайр Исфара! Хайр Тожикистон!

Умуман, шу уч кунлик сафар ҳаётимдаги энг кутган сафарим эди. Икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари қайтадан тикланиб, чегаралар очилиб, иккала давлат фуқаролари борди-келди қилишларини орзу қилиб бир қанча қариндош отахон-отахонларимиз ўтиб кетди, қолганлар эса ҳар куни умид билан яшаган эдик. Чегаралар очилишини нафақат биз, балки Тожикистон аҳолиси ҳам хурсандчилик билан олқишламоқда. Ҳар иккала Президентларни дуо қилишмоқда, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевга раҳматлар айтишмоқда. Кўчаларда ўзбеклигимизни билишса машина кира ҳақи олишмаяпти. “Сизларни кўрамиз деб кутаётганимизга ўн йиллардан ошди, энди пул олсак уят”, дейишмоқда. Ҳақиқатан ҳам ўзбек ва тожик халқи қадимдан эту тирноқ бўлиб баҳамжиҳат яшаган. Бу халқларни вақтинча айрилиқлар синади, энди улар аввалгидан ҳам иноқ, бир-бирига муштоқ дўстдирлар.

Мен Тожикистонга бориб табиати, урф-одатлари, қариндошларим дийдорини кўришимга шароит яратиб берган давлатимизга миннатдорлик билдираман.

Чегарагача олиб келиб қўйган такси ҳайдовчиси билан қуюқ хайрлашиб, она юртим Ўзбекистонга ўтиб келдик.

Aссалом Ўзбекистон!

Исроил Тиллабоев, блогер, Халқ таълими аълочиси