Фарғоналик нефтчиларнинг мулки талон-торож қилинмоқда

21.09.2018 | Ўзбекистон | 3872

2003 йил 21 октябрда “Ўзбекнефтгаз” МХК бошқарув структурасини такомиллаштириш бўйича чиқарилган 460-сонли қарорга асосан “Фарғонанефт” ОАЖ мажлислар залида умумий йиғилиш ўтказилиб “Фарғонанефт” ОАЖ “Андижоннефт” ОАЖдан мустақил фаолият юритиши, фақатгина ҳисобот “Андижоннефт” ОАЖга топширилиши, бир-бирининг мулкига  дахл қилмасликларини айтиб “Фарғонанефт” ОАЖ ишчи-ходимларидан икки ташкилот бирлиштирилишига розилигини олишган.

Шундан сўнг “Фарғонанефт” ОАЖ ташкилотини Риштон НГК цехига айлантиришди ва ҳозирги кунгача фаолият юритиб келмоқда. Шу кундан буён собиқ “Фарғонанефт” балансида бўлган Нефтчилар клуби, собиқ ишчилар ётоқхонаси, эстакада нефть тўплаш маркази, Поп тумани Чодак қишлоғидаги “Нефтчи” болалар оромгоҳи ва участкалардаги кўплаб бино иншоотлари, ер майдонлари собиқ “Фарғонанефт” акциядорлари билан маслаҳатлашмай, умумий йиғилиш ўтказмай, ҳеч қандай баённома тузилмай сотиб юборилди. Шунча бино-иншоотлар сотилса ҳам Риштон НГК маъмурий биносини шу кунгача бирор марта таъмирлаб ёки бирор-бир янги жиҳоз олиб берилмади, аксинча, бу ердаги янги компютерлар, стол-стуллар, факс ва шунга ўхшаш керакли жиҳозларни олиб кетишди. 1955 йилда ишчилар ҳашар йўли билан қурган Риштон Нефт-газ кони маъмурий биноси ва механика цехини “Андижоннефт” АЖ сотиб юбормоқчи.

Вазирлар Маҳкамасининг бўш турган биноларни хусусийлаштириш бўйича чиқарган қарорига асосан, “Андижоннефт” АЖ раҳбари томонидан Риштон НГК маъмурий биноси ва механика цехи яширин тарзда, умумий акциядорлар йиғилиши ўтказмай, бўш турибди, деб кўрсатилган. Ваҳоланки, унда 240 кишилик жамоанинг кадрлар бўлими ҳужжатлари, Фарғона вилоятидаги 700дан ортиқ нефт-газ қудуқларининг геологик ҳужжатлари сақланади, техника хавфсизлиги, марказий диспетчерлик ходимлари ва кўплаб ишчи-ходимлар кечаю кундуз Фарғона вилоятидаги нефт-газ қазиб чиқариш ишларини назорат қилишади.

Ворух, Чимён нефт тайёрлаш масканларидаги 219 ммли нефт қувурлари йиллар давомида ишлаши натижасида шўр сув ва сероводородлар емириб коррозияга учраш ҳолатлари кузатилади. Юқоридаги ҳолатлар бўйича “Андижоннефт” АЖ раҳбариятига кўп маротаба мурожаат қилинганига қарамай бу ўлчамдаги қувурлар йўқлиги рўкач қилинади. Бироқ етиб келган маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида жойлашган Шимолий Сўх, Қувасой, Фарғона йўналишидаги 2+9/7 ммли б.у. (аввал ишлатилган) қувурларнинг 3074,57 метрли қисми Ал-Хатал фирмасига 14853 сўмдан (ҚҚСсиз) бозордан кўра арзон нархда сотилган, аслида бу қувурнинг бозор баҳоси 150-200 минг сўм туради.

“Андижоннефт” АЖга Давлатов М.У. раис этиб сайланганидан бери ҳамма ишлар ва нефт режаларида пасайиш кузатилмоқда. Атрофидаги 1-2 нафар шериклари билан жуда кўп нарсаларни, хусусан, бинолар, қувурларни асоссиз сотиб юбормоқда. 2018 йилнинг апрел ва май ойларида Риштон НГК маъмурий биноси, механика цехини сотишга уринишди, лекин ишчи-ходимлар жамоасининг бош прокуратурага йўллаган хатига келган жавобдан сўнг сотиш ишлари тўхтаган. Ҳозир эса фаолият юритаётган маъмурий бинони яна сотишга ҳаракат бошланган. Бу ишлардан 240 кишилик жамоа ҳам норози кайфиятда. Наҳотки, ушбу ноҳақликларга ёрдам берадиган тегишли ташкилотлар бўлмаса?

Корхона ускуналари

15 йилдирки, Фарғона вилоятида қазиб олинган нефт ва газдан тушадиган солиқлар ва ишчи-ходимларнинг ойлик маошидан тушадиган даромад солиқларини ҳам “Андижоннефт” АЖ раҳбарлари ўз вилоятига туширмоқда. “Ушбу солиқлар ўз навбатида Фарғонада қолишини хоҳлаймиз, чунки бизнинг оилаларда ҳам нафақахўрлар, бюджет ташкилотида ишлайдиганлар бор ва шуни маълум қиламизки, асоссиз равишда қарор-буйруқсиз Фарғона Узсаноатқурилиш банкида очилган субсчетни банк хизматини иқтисод қиламиз деган оғзаки мақсадда ёпишмоқчи. Шунингдек, “Андижонннефт” АЖга қарашли Фарғона вилояти Риштон туман НГК ҳисобхонасида бажариб келинаётган ойлик иш ҳақи маълумотлари, нафақага чиқиш маълумотларини ҳам “Андижоннефт” Аж идорасидан берилиши керак, деб ишчиларга муаммо туғдиришмоқда. Ушбу муаммоларни бизга ҳал қилиб беринг”, дея мактубига нуқта қўяди Риштон НГКнинг 35 нафар ишчи-ходимлари.

Баҳодирхон Элибоев

Мақола Риштон НГКнинг ишчи-ходимлари ёзган хати асосида тайёрланган. Ушбу хат ва қўйилган имзолар нусхаси Sof.uz сайтида мавжуд.