«Ўзавтосаноат» раҳбари "шапка"ни йўқотишга ваъда берди

23.09.2018 | Ўзбекистон | 3005

"Ўзавтосаноат" раҳбари Шавкат Умурзоқов GM Uzbekistan машиналари савдосида "шапка" ва навбатлар бўлмаслигини ваъда қилмоқда.

Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида "Ўзавтосаноат" ширкати бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов мамлакатда автомобил тақчиллиги сунъий равишда вужудга келтирилгани, бунга керакли миқдорда автомобил ишлаб чиқарилмагани сабаб бўлганини таъкидлади.

"Агар аҳолининг автомобилларга эгалик даражасини ҳисобласак, 1000 кишига 70 та автомобиль тўғри келади. Қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 217 тани ташкил этади. Агар заводларимиз тўлиқ қувватда ишласа ва йилига 300 мингта машина сотса, уларни ортда қолдиришимиз учун 13 йил керак бўлади. Бу кўрсаткич бозоримиз қанчалик "оч қолгани"ни кўрсатади", дея иқтибос келтирди Шавкат Умурзоқовдан Gazeta.uz нашри.

Умурзоқовга кўра, ҳозир ойлик автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми икки мартага - 26−27 мингтага оширилган ва бу аввалги ойларга нисбатан 120 фоизга кўпдир.

Шунингдек, "Ўзавтосаноат" раҳбари GM Uzbekistan дилерлари билан ишлашда вақтинчалик "қўлда бошқариш" усулубига ўтилганини билдирди.

"Ҳар куни эрталаб биз уларга лимит берамиз, шартномалар йўқлиги сабабларини сўраймиз. Ким самарасиз ишлаётган бўлса, унинг лимитини камайтирамиз ва уни ким яхши сотаётган бўлса, ўшаларга берамиз", дея маълум қилади "Ўзавтосаноат" раҳбари.

Шунингдек, Умурзоқов 2019 йилда компания харидор тўловни амалга оширганидан сўнг дарҳол машинасига эга бўлиши учун навбатларни йўқотишни мақсад қилганини ҳам билдирди.