Ўзбекистон мактабларида бепул ва пуллик хизматлар йўлга қўйилади

05.10.2018 | Ўзбекистон | 3444

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Халқ таълими вазирлигининг «Давлат умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ва пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан давлат умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ташкил этиладиган хизматлар рўйхати;

пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ташкил этиладиган хизматлар рўйхати ва пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар рўйхатини таълим муассасаларининг ҳамма учун кўринарли жойига осиб қўйилишини, мактабларда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишларида унинг мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари ўтказилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим мактабларида пуллик асосда ташкил этилган хизматларни тўғри ташкил этилганлиги ва маблағларидан тўғри фойдаланилиши устидан доимий назорат ўрнатади.

Давлат умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ташкил этиладиган хизматлар рўйхати

I. Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар учун қуйидаги хизматлар давлат таъминоти асосида бепул амалга оширилади:

Давлат таълим стандартлари асосида умумий ўрта таълим бериш;

мактаб ихтиёридаги соатлар ҳисобига ўқувчиларнинг ихтиёрий танлови асосида ташкил этиладиган дарсларда ўқиш;

дарсларни яхши ўзлаштира олмаган ўқувчилар билан қўшимча ишлаш;

мактабнинг кутубхона фондидан фойдаланиш;

ўқув машғулотлари давомида мактабнинг синфхоналари, спорт иншоотлари, мебель ва жиҳозлар, шунингдек бошқа ўқув анжомларидан фойдаланиш;

йиллик тиббий кўрикдан ўтиш;

тез-тиббий ёрдам хизматларидан фойдаланиш;

якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида топшириш;

умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома олиш.

II. Умумий ўрта таълим мактабларида педагог ходимлар учун қуйидаги хизматлар давлат таъминоти асосида бепуламалга оширилади:

ишга кириш вақтида ҳамда иш давомида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиш;

айрим тоифадаги ходимлар (лаборант ва бошқ.) томонидан махсус кийимлардан фойдаланиш;

малака ошириш;

мактабнинг кутубхона фондидан фойдаланиш.

III. Умумий ўрта таълим мактабларида ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) учун қуйидаги хизматлар бепуламалга оширилади:

умумий ўрта таълим мактабида таълим-тарбия жараёнининг талаб даражасида ташкил этилишига оид маълумотлар;

фарзандининг машғулотларни ўзлаштириши, машғулотларга жиддий ёндашуви ва ўқув режадаги алоҳида ўқув фанларига бўлган қобилияти ҳақидаги маълумот олиш.

IV. Умумий ўрта таълим мактабларида юқорида келтирилганлардан ташқари қуйидаги хизматлар ўқувчилар, ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва ходимлардан пул ундирилмасдан давлат таъминоти асосида бепуламалга оширилади:

умумий ўрта таълим муассасасига коммунал хизматлар кўрсатиш;

бино ва иншоотларни жорий ва капитал таъмирлаш хизматлари;

умумий ўрта таълим муассасаси хоналарини мебель, жиҳоз ва бошқа ўқув анжомлари билан таъминлаш;

бино ва иншоотларни тозалаш хизматлари.

Давлат умумий ўрта таълим мактабларида пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар рўйхати

I. Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар учун қуйидаги хизматлар пуллик асосда ташкил этилади:

дарсликларни белгиланган тўлов эвазига ижарага олиш (биринчи синф ўқувчилари ва кам таъминланган оила фарзандлари бундан мустасно);

умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (Давлат таълим стандартларидан ташқари) билимлар бўйича келишилган нархларда қўшимча таълим олиш;

умумий ўрта таълим мактабининг узайтирилган кун гуруҳларида белгиланган тўлов асосида таълим-тарбия олиш;

умумий ўрта таълим мактабининг асосий фаолияти ҳисобланмайдиган таълим-тарбия хизматларидан фойдаланиш (жумладан, ҳунар ўргатувчи ва спорт тўгараклар, қизиқишлар бўйича тўгараклар, якшанбалик мактаблари ва бошқ.).

II. Умумий ўрта таълим мактабларида мактабгача ёшдаги ва мактаб ёшидан катта бўлган шахслар учун мактабга тайёрлов, компьютер саводхонлиги ва бошқа турдаги ўқув курсларидан фойдаланиш хизматлари келишилган нархларда пуллик асосида ташкил этилади.

III. Умумий ўрта таълим мактабларининг бино ва иншоотлари, ер участкалари ва бошқа мол-мулкини вақтинчалик фойдаланиш учун бошқа шахсларга шартнома асосида ижарага бериш ваколатли органлар томонидан белгиланган нархларда қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.