Яна бир пахта қабул қилиш масканида ёнғин чиқди

15.10.2018 | Ўзбекистон | 2725

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 2018 йил 14 октябрь куни «Ингичка» МФЙ ҳудудида жойлашган «Навоий» пахта қабул қилиш масканидаги 2-сонли пахта ғарамлаш майдончасига босиб қўйилган пахта ғарамида ёнғин содир бўлган.

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган. Ёнғин оқибатида 74 кг. 2-навли пахта ёниб зарар кўрган. Жароҳат олганлар йўқ.

Ёнғин пахта ғарамини шамоллатиш мосламасининг мотор қисмида электр симларининг қисқа туташувидан келиб чиққанлиги аниқланган. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.