Самарқанд шаҳрида мудҳиш қотиллик юз берди

15.10.2018 | Жамият | 6903

Самарқандда 1999 йилда туғилган Т.А. ўзидан 20 ёш катта бўлган фуқаро, 1979 йилда туғилган Ш.Р.га оғир тан жароҳати етказган. Натижада фуқаро Ш.Р. воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақида Дарё нашри хабар бермоқда.

Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, 15 октябрь куни соат тахминан 09:30 атрофида Самарқанд шаҳрида Т.А. таниши Ш.Р. билан олдиндан бўлган келишмовчилик сабабли уйидан ошхона пичоғи билан қуролланиб, автомобиль эҳтиёт қисмлари савдо дўкони ичида Ш.Р.га бир неча зарба берган.

Ш.Р. олган тан жароҳати билан савдо дўконидан қочиб кетаётган вақтида Т.А. уни қувлаб бориб, «Эркин савдо» мажмуаси рўпарасида яна унга бир неча маротаба пичоқ билан урган. Оқибатда Ш.Р. ҳодиса жойида вафот этган.

Судга оид тиббий экспертизанинг берган дастлабки маълумотга кўра, марҳум Ш.Р.нинг ўлими ички ва ташқи қон кетиш натижасида келиб чиққанлиги баён этилган.

Ҳолат юзасидан Т.А.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.