Тошкентда газ ва электр учун истеъмол миқдорлари жорий қилиниши мумкин

22.10.2018 | Ўзбекистон | 2737

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, синов тариқасида, аҳоли учун газ ва электр истеъмол миқдорлари ўрнатилиши мумкин. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган.     

Қонун лойиҳасида айтилишига кўра,  2019 йилннг 1 январидан бошлаб Тошкентнинг Юнусобод туманида синов тариқасида қуйидаги тартиб жорий этилиши мумкин:

  • Аҳоли томонидан базавий электр истеъмоли миқдорини ҳар бир абонент учун ойига 300 кВт.соат миқдорида;
  • Хусусий уйларда истеъмол қилаётган аҳоли учун базавий газ истеъмоли миқдорини ҳар бир абонент учун ойига 1000 куб.м миқдорида; қолган ҳолатларда ҳар бир абонент учун ойига 250 куб.м миқдорида белгиланади. 

Ўз навбатида, таалуқли ташкилотлар аҳоли билан қуйидаги тартибда электр ва газ учун ҳисоб-китоб  қилиш механизмини ишлаб чиқишлари керак бўлади:

  • база нормалари миқдорида – белгиланган тариф бўйича;
  • база нормаларидан ошган миқдорини – белгиланган тарифга 1,2 коэфицентини қўллаган ҳолда;

“Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари, юқоридаги экспериментнинг амалий натижаларидан келиб чиққан ҳолда, 2019 йилнинг 1 июлига қадар, базавий истеъмол нормаларини қўллаш ҳақида муайян таклифлар ишлаб чиқишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, янги қонун лойиҳаси 3 ноябрга қадар муҳокамада бўлади. Якуний кўринишда у мутлақ бошқача бўлиши мумкин. Норматив-ҳуқуқий ҳужжаларни муҳокама қилиш порталида, ушбу қонун ҳақида кўплаб таклифлар киритилган.