Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Самарқандлик блогерни ёлғончига чиқариш ҳаракати амалга ошмай қолди
27.10.2018 09:28,  
56

«Самарқанд туманида ўн мингдан ортиқ аҳоли жамоат транспорти йўқлигидан азият чекиб келмоқда» сарлавҳа остида жорий йил сентябрда эълон қилинган мақола ва бу муаммога маҳаллий амалдорларнинг бефарқлиги бўйича танқид ортидан муаллиф Мирзо Субхоновни ёлғончига чиқариш бўйича провокацион видеолавҳа суратга олиниб, жамоатчиликка эълон қилинди.

Муаллифи эълон қилинмаган видеолавҳада «Талибарзуи Поён» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санъат Бахронов ва бошқалар микрофон орқали «Қишлоғимизда транспорт муаммоси йўқ, Мирзо Субхонов ёлғон хабар берган» - деб амалдорлар босими остида ўз маҳалладошларининг жамоат транспорти йўқлигидан 27 йилдан буён азият чекиб келаётганликларини яширишга уринганлар.

Аммо аризачини ёлғончига чиқариш бўйича провокацион буюртма ҳаракатлар касодга учради. Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг шахсий топшириғи билан ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шукуров бошчилигида Ишчи гуруҳ воқеа жойига юборилади. Ҳолат бевосита жойида ўрганилганда «Талибарзуи поён», «Бодиҳо», «Устоҳо», «Нишеб», «Боғитилло», «Қозиқўрғон» ва «Найман» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси 27 йилдан бери жамоат транпорти йуқлигидан азият чекиб келаётгани ва энг яқин жамоат транспорти 800 метрдан 1,8 километргача масофа наридан ўтиши аниқланади.

Ўзбекистон автомобил транспорти агентлигининг Автомобиль ташувларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Исаевнинг расмий маълумотига кўра, «ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда «Рустам қишлоқ», «Қозиқўрғон», «Боғитилло», «Бодиҳо», «Чаман» маҳаллаларининг ички йўлларида йўловчи ташувчи транспорт қатнови йўқлиги аниқланди». Расмийнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқарма бошлиғи ушбу муаммога бефарқ бўлиб келганлиги учун огоҳлартирилган.

Ўз навбатида, Ишчи гуруҳ раҳбари Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Шукуровнинг текширув натижалари бўйича аҳолининг талабидан келиб чиқиб, 456-рақамли такси йўналишидаги «Дамас» русумли автотранспорти йўналиши 4,2км узунлигидаги ички йўлга узайтирилиб, мазкур қишлоқлар орқали қатнови йўлга қўйилди. Ҳамда «Ўзавтотранс» агентлиги вилоят бошқармаси ходимларига масъулиятсизликлари учун интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги маълум қилинди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Шукуров ўз ташаббуси билан қўшимча равишда ушбу қишлоқлар ичидан ўтадиган 4,2км узунликдаги йўлни таъмирлаш ишларини 2019 йил Давлат дастурига киритиш чоралари кўрилишини ҳам маълум қилди.

Фурсатдан фойдаланиб юқорида кўрсатилган маҳаллалар аҳолиси номидан Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Шукуровга аҳоли муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам қўлини чўзганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз.

Бизни ёлғончига чиқармоқчи бўлган маддоҳларга эса “чарчаманг”, деймиз. Бугун бўлмаса, эртага албатта Сизга ҳам омад кулиб боқади.

Мирзо Субхонов

subkhanov.blogspot.com

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан