Профессор минбари: Ёш болаларни уриш ва ўсмирлар орасидаги безорилик ўртасидаги боғлиқлик

09.11.2018 | Блог | 2733

“Болаларни дарсда уриш мумкин бӯлган мамлакатларда ўсмирлар орасидаги уришиш ҳолатлари кўп кузатилади”, - дейди ҳамюртимиз Жанубий Кореянинг Пусан Чет Тиллар Университети профессори Азамат Акбаров. Акбаров “болаларни уриш улғайгандаги психологик муаммолар билан боғлиқлиги”га урғу бериб ўтди.

Ўз фарзандларингизни уриш уларнинг бошқаларга мушт тушириш эҳтимолининг ошишига олиб келадими? Дунёнинг кўп мамлакатларида ўтказилган текширувларнинг натижасига кўра, фарзандларни шапалоқлаб уриш қонуний бўлган мамлакатларда ўсмирлар орасида урушиш содир бўлади. Болаларни уришга қарши ташвиқот олиб борувчи фаоллар бу ҳолат жисмоний жазони тақиқлаш учун асос сифатида исбот бўлишини таъкидлашади. Бироқ, бу фикрга танқидий нуқтаи назар билан қарайдиган мутахассисларнинг фикрича, натижалар болани уриш ва ўсмирлар жанглари орасида қандайдир алоқа сабаб бўлиши мумкинлигига ишора қилади, аммо бу улар бир бирини келтириб чиқади дегани эмас, деган фикрдалар.

2017 йилнинг ноябрь ойида The Daily Mail рўзномаси “янги ўтказилган тадқиқотлар қулоқ солмайдиган болаларни уриш тушкунликка тушиш (депрессия) ҳолатига ва ноқонуний гиёҳванд моддалар қабул қилиб уларга қарам бўлиб қолиш эҳтимолини кўпайтиришини тасдиқловчи натижалар олинганлиги” ҳақида хабар берган. Бу янгилик АҚШда ўтказилган Калифорниялик 8000дан зиёд ёши катта одамларни қамраб олган тадқиқотлар натижаларидан олинган. Умуман олганда, тадқиқотчилар болаликларида калтак еган одамларда тушкунликка тушиш аломатлари бўлиши, меъёрида ёки жуда кўп спиртли ичимликлар ичиш ва гиёҳванд модалар қабул қилиш кузатилганлигини айтишларини кўпроқ кузатишган. Тадқиқотчилар болаликда калтак ейиш худди жинсий томондан зўрлашга учраганда ёки ота-оналар ажрашганда олинадиган руҳий жароҳат каби узоқ муддатга салбий таъсир қилади, деган хулосага келганлар.

Бир вақтлар жисмоний жазо одатий нарса эди, бироқ бундай жазони тақиқлаган мамлакатлар сони кун сайин ошиб бормоқда, жумладан, Швеция, Германия ва Янги Зеландияда, Буюк Британияда, яқин келажакда Шотландияда жисмоний жазо ноқонуний ишлар тоифасига киритилади, шунингдек, Англия, Уэлсь ва Шимолий Ирландияда ҳам жисмоний жазони тақиқлашга қаратилган таклифлар бор. Болани уриш безориликка сабаб бўлиши ҳақидаги хавотир билан бир қаторда, бу масалага қарши ташвиқот қилувчилар болани уриш ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан зулм қилишларининг эҳтимолини ошишига ҳам олиб келади деган фикрда. Мен Швецияга муҳожират қилган мусулмон оилалар (жумладан Ўзбекистонликлар ҳам) фарзандларини урганлари маълум бўлганда, бола ҳимояси хизмати томонидан болалар ота-оналаридан тортиб олинганлиги ва ҳечам қайтариб берилмаганлиги ҳақидаги ҳолатларни эшитганман. Фарзанддан ажралиб қолиш ачинарли, аммо воқелик шунақа.

Афсуски, Ўзбекистонда яқинда содир бўлган ва жамоатчиликка маълум бўлган икки эркакнинг бир ёш йигитни машинасини нотўғри жойлаштиргани учун калтаклашгани ёки баъзи ҳокимларнинг ўз ходимларини тепиши ва уриши ёки мактаб, болалар боғчалари ва меҳрибонлик уйлари ўқитувчи ва тарбиячилари ўз талабаларини таҳқирлашлари, ёки университет ўқитувчиси ўз талабаларини ётоқхонада тепиши ва уриши каби ҳолатлар бундай салбий тажрибани ўзи билан олиб кетадиган ёш авлодга руҳий жароҳат етказади. Бугунги кунда, жаҳон педагоглари хавотирга солаётган яна битта нарса зўравонлик ва таҳқирлашдир. Жисмоний зўравонлик уриш, тепиш, чимчилаш ёки бошқа йўллар билан бошқаларга озор беришдан иборат. Халқ Таълими Вазирлиги тасарруфида мактабларимизда зўравонлик ҳақида статистик маълумотлар бор-йўқлигидан хабарим йўқ. Бу жудаям жиддий муаммо ва бахтга қарши, бирор бола қаттиқ жабрланмагангунча жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмайди ва шундагина одамлар бу масала билан шуғулланишни бошлашади. Фарзанд тарбияси Аллоҳ томонидан ота-оналарга берилган муҳим бурчлардан бири. Бу Аллоҳ ва унинг Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи вассаллам) нинг қуйида келтирилган сўзларидан яхши тушунилади.

“ Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.” [Таҳрим сураси, 66:6]

Дастлаб, биз учун Исломда уриш ёки шапалоқ туширишнинг қайси кўриниши ҳаром эканлигини тушуниб олиш муҳим:

  • Фарзандларни уларга зарар келтирадиган ёки жароҳат оладиган даражада уриш таъқиқланган. Уриш ёки шапалоқ тушириш жароҳат келтириб чиқармаслиги лозим ва юзга ва тананинг нозик жойларига қаратилмаган бўлиши лозим; балки елка, оёқлар ёки қўлларга урилса, боланинг ўлимига олиб келмайди. Пайғамбаримиз таъкидлаганликларидай, юзга уриш ҳам таъқиқланади.
  • Инсон болани тартибга чақириш учун эмас, балки шунчаки ўз хоҳиши билан жаҳли чиққанда жазолаш учун сабабсиз уриш таъқиқланади.

Шапалоқ уриш, айниқса, қайсарлик қилганда ва қулоқ солмаганда тарбия бериш усулидир. Пайғамбаримиз (салллалоҳу алайҳи вассаллам) ота-оналарга фазандларни ноўрин, нотўғри ишларни қилишдан қайтаришларини масалаҳат берганлар. Қуйида йўл қўйилиши мумкин бўлган уриш ёки шапалоқ беришнинг умумлаштирилган ҳолатлари келитирилади:

1) Барча усуллар қўлланиб бўлингандан кейин сўнги чора сифатида қўлланилиши лозим.

2) Баъзи-баъзида қўлланилиши керак холос, чунки бунга жуда тез тез зарурият туғилмайди. Аксар ҳолларда, қатъий оғзаки огоҳлантиришнинг ўзи кифоя қилади.

3) Бу чора алоҳида жойда қилиниши, ҳамманинг назаридда амалга оширилмаслиги керак, чунки дўстлари ва бошқалар олдида боланинг шахсиятини ва ғурурини ҳимоя қилиш лозим.

4) Бу чора болани тартибга чақириш учун амалга оширилиши лозим.

5) Бу чора юракда болага нисбатан тўла шафқат ҳисси билан амалга оширилиши лозим ва нафратга ўрин бўлмаслиги керак.

Канадалик профессорлардан бири жисмоний жазо ва ўсмирларнинг хулқи орасида алоқа бор-йўқлиги ҳақида тадқиқот олиб борган. Унинг жамоаси 88 мамлакатда мунтазам олиб борилган икки хил сўроқлар натижаларини ўрганишган, ва ушбу кузатувларда бериладиган саволларнинг бири бола муайян вақт давомида неча марта жанг/уруш қилганлиги ҳақида савол ҳам бўлган.

Шапалоқ уришни бутунлай таъқиқлаш

Мамлакатлар уч турда синфларга бўлинган: уриш тақиқланмаган, уриш бутунлай таъқиқланган, ёки уриш қисман таъқиқланган, яъни мактабларда уриб/шапалоқ тушириб жазолаш таъқиқланган, аммо ота-оналар учун бу тақиқланмаган. Бундай ҳолат ҳозир Буюк Британияда амал қилади.

Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, уриш тўла тақиқланган жойларда ҳамма жойда уриш имкон берилган мамлакатлардагига қараганда, ўн уч ёшли ўсмирлар камроқ урушиб/муштлашиб қолишар экан, ва одатда урушадиган ўғил болалар орасида бу кўрсаткич тегишли равишда 8,5 ва 12 фоизни ташкил қилган.

Бундан таъқиқлаш болаларни, нафақат, ота-оналаридан, балки уларнинг тенгқурларидан ҳам ҳимояда сақлаши келиб чиқади. Аммо, айтишим мумкинки, икки ҳолат бир бири билан боғлиқлиги бир иккинчисини келтириб чиқаради, деган фараз каби хатога олиб келади. Иккинчиси биринчисини келтириб чиқариши мумкин – масалан, ўсмирликларида кўплаб муштлашиб юрганлар улғайганда ота-она бўлиб қатъий тартибга солувчиларга айланишлари мумкин, демак, болаларни уришга қарши қонунчиликка бўйсунмасликлари мумкин.

Зўравонлик кўламининг камайиб бориши

Бундан ташқари, балки иккала омилга ҳам – уриб тартибга чақириш ва ўсмирлар орасидаги урушларга – учинчи омил, кенгроқ ижтимоий муносабатлар таъсир қилаётгандир. Гарвард Университетининг машҳур олими Стивен Пинкер томонидан оммавийлаштирилган ғояга кўра, асрлардан буён, жамиятнинг кўплаб жабҳаларида зўравонлик кўлами секин-аста пасайиб келди. Уриш билан тарбия бериш ва ўсмирлар орасидаги жанглар кўламининг пасайиши бири иккинчисини бевосита келтириб чиқармасдан ушбу анъананинг кўринишларидир.

Агар калтак еса, фарзандим бир кун келиб тажовузкор бўлиб қолади, деган фикрга бориб, фарзандларимизни ота-она сифатида урмаслигимиз мумкин. Бироқ ҳодисаларнинг бир-бирига мос келишидан бири иккинчисини келтириб чиқариши ҳақидаги фикрларни назарда тутишимиз лозим. Сўнги тадқиқот натижаларинига қарши яна бир кўрсаткич намоён бўлади. Яъни, Швеция каби болаларни уриш бутунлай таъқиқланган мамлакатлардагига қараганда, Англия ва АҚШ каби бундай муомала қисман таъқиқланган мамлакатлардаги ўсмирлар орасидаги уруш/жангларнинг содир бўлиш тезлиги орасидаги фарқ жуда кам. Ўғил болалар учун, бу кўрсткич 8,5 фоиз ва 10 фоизни ташкил қилган, ва бундай кичик фарқ статистик жиҳатдан таҳлил қилиш учун етарли эмас. Эътироф этилган исботларнинг бошқа турлари болани уруш уларни кўпроқ зўравон қилади деган фикрдир. Болани уриш ёки тарсаки тушириш ёки турткилаш уларнинг ўз ижтимоий алоқаларида тегишлича жавоб беришларига таъсир қилади.

Хулоса сифатида, Халқ Таълими вазирлигига ушбу муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ва бу масалалар билан боғлиқ бўлган ўқитувчиларнинг жавобгарликларини ўрганиш мақсадида зўравонлик/уришнинг олдини олиш ўқув дастурини ёки муассасаларда олиб бориладиган ишларни ташкил қилишни тавсия қиламан. Зўравонлик/уриш – тазйиқ ва безориликнинг шакллари бўлиб, ривожланиш, ижтимоий ва таълим-тарбия нуқтаи назаридан ўрганишни тақозо этади. Ижобий томонга ўзгариш учун эҳтимолий макон сифатида бундай зўравонликлар содир бўладиган таълим муассасаларида бунинг олдини олиш ва аралашиб йўл қўймаслик имкониятларини ўрганиш ва тушуниш лозим. Чунки кўпчилик маъмурлар, ўқитувчилар ва улар билан боғлиқ ходимларда зўравонлик/урушлар билан қандай ишлаш ҳақида маълумотга эга эмаслар ва унинг кўламини қисқартириш учун қанақа усулларни қўллашни билишмайди.

Азамат Акбаров,

Жанубий Кореянинг Пусан Чет Тиллар Университети профессори

(фотосурат интернетдан олинди)