Ҳайвонот оламининг энг антиқа вакиллари

20.03.2016 | Блог | 1625

Иссиқликни сезувчи: чуқурбош илон

Чуқурбош илон, шунингдек, бўғма илонларнинг баъзи турлари қурбонидан таралаётган ҳароратни бир неча метрдан сеза олади. Илоннинг бошидаги кичкина рецепторлар инфрақизил нурланишга нисбатан сезгир ва судралувчи бу жонивор таралаётган ҳароратга қараб ўлжанинг турини, масалан, сичқонни аниқлай олади.  

Яшовчанлик: кичкина сув айиғи (Tardigrada)

Бу миттигина махлуқнинг узунлиги нари борса бир миллиметр чиқса-да, сайёрамиздаги энг чидамли организм ҳисобланади. У турли экстремал шароитларда ҳам яшай ва кўпая олади.

Кичкина сув айиғи Цельсий бўйича -200 ва +150 даражада, очиқ фазода, 570000 рентгенга тенг нурланишда (одам 500 рентген нурланишда ўлади), гамма-нурланиш ва ультрабинафша нурланишда, шўрхоклик ва кислородсизликда ҳам яшайверади.  

Тақлидлар устаси: лирадум (Menura)

Австралияда яшовчи лирадум «маҳбубаси»га атаб ажойиб серенадалар куйлаб бериши мумкин. У сайрайдиган қушлар орасида энг мураккаб товуш пайчаларига эга. Энг қизиғи, лирадум атрофдаги сасларга ҳам тақлид қилади олади, масалан, бензоарра, автомобиль двигатели, кучукнинг акиллаши, одамнинг овозига.  

Кўринмаслик: каракатица

Каракатица – денгиз моллюскасининг бир тури. Сиз расмда кўриб турган сариқ тусли ўсимлик аслида аквариумдаги ўсимлик эмас, балки ёнидаги ўтга ўхшаб олган каракатицадир. У ранги ва шаклини бир зумда ўзгартириб, йиртқичлардан ўзини ҳимоя қилади. Рангини ўзгартиришга терисидаги пигмент халталари ёрдам беради.

Магнит тўлқинлари аро мўлжал олиш: лосось (айрим турлари)

Чучук сувда дунёга келган лосось вақт ўтиши билан океанга йўл олади. У туғилган жойидан минглаб километр узоқликда яшайди. Аммо увилдириқ сочиш пайти келганида ўша чучук сув ҳавзаси – ўзи туғилган жойга қайтиб келади. Балиқнинг буни қандай амалга ошириши узоқ вақтгача жумбоқ бўлиб келган. Лекин энди олимларнинг айтишича, лосось геомагнит компасга ўхшаш нарсадан фойдаланади. Тахминларга қараганда, балиқ миясидаги таркибида магнетит бор ҳужайралар унинг туғилган жойига оид координаталарни кодлаб олади.

Темир ошқозон: олачипор сиртлон (Crocuta crocuta)

Сиртлон деярли ҳамма нарсани ейди, ҳатто чириб битаёзган ўлаксани ҳам. У бир ўтиришда танасининг учдан бирига тенг емишни паққос тушириши, мустаҳкам жағлари эса суякни ғажиб ташлаши мумкин. Бироқ ушбу суперошқозоннинг хам заиф томони бор: тук, шох ва туёқни ҳазм қилолмайди.

Қўрқинчли: тукдор бақа (Trichobatrachus robustus)

Бирор хавф туғилса, бу бақа бармоқ суякларини синдиради ва ташқарига чиқариб олади. Шу тариқа кичкина чангал пайдо бўлади.

Саратонга чалинмайди: яланғоч ерқазар (Heterocephalus glaber)

Шарқий Африкада яшовчи яланғоч ерқазар кўнишидан ёқимсиз бўлса-да, сайёрамиздаги энг ғаройиб жониворлардан бири саналади. Унинг ўзига хос хусусиятларидан бири оғриқни ҳис қилмаслигидир. Яланғоч ерқазар қариндошлари бўлмиш сичқонлар ва каламушлардан етти баравар узунроқ яшайди ва ҳеч қачон саратон касаллигига чалинмайди. Олимлар унинг айнан мана шу хусусиятини ўрганишмоқда.