Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ноам Хомский: “Дунё ҳалокат сари кетмоқда”
3.02.2016 08:12,  
102

Ноам Хомский ким?

Жаҳоннинг йирик интеллектуалларидан бири ҳисобланади. 88 ёшида ҳам у сермаҳсул публицист, файласуф ва анархистлигича қолмоқда. Ғарбнинг адолатсизлигига қарши тинимсиз норозилигини изҳор этиб келади.

Ноам Хомский (ёки Чомский) 1928 йилнинг 7 декабрида Филадельфияда (АҚШ) туғилган.

1955 йилдан Массачусетс технология институтида иш бошлаган.

Машҳур тилшунос, файласуф ва сиёсий фаол.

Тилшунослик соҳасида унинг ишлари бурилиш ясаган. Замонавий тилшуносликнинг отаси ҳисобланади.

АҚШнинг Вьетнамга агрессиясини танқид қилгани унга машҳурлик келтирди.

Бошқарувчи элитага қаршилик кўрсатиб келади, АҚШ ва Ғарбнинг ташқи сиёсатини қаттиқ танқид остига олади

Юзлаб асарлар муаллифи

Ўзбек дипломати ва сиёсатшуноси Алишер Файзуллаев (тахаллуси Алишер Файз) бир неча йил муқаддам Ноам Хомскийнинг маърузасини Тафт университетида тинглаган. Таассуротларини ўз блогига ёзар экан, АҚШ сиёсатини тинимсиз танқид қилаётган мутафаккирга ҳукумат босим кўрсатиши мумкин ёки йўқлиги тўғрисида маҳаллий ҳамкасбларидан суриштиради. “Нималар деяпсиз?”-ажабланади америкалик профессорлар ва АҚШ ҳукумати уни беҳад иззат қилишини ҳамда олий унвонлар билан тақдирлаганини сўзлаб беришади.

 

Изабел Кумар (Евроньюс):

Учрашишга розилик берганингиз учун ташаккур. 2015 йил ўта нотинч туюлмоқда. Ҳодисалар нисбатига юқоридан боқиб оптимистмисиз, пессимистмисиз?

Ноам Хомский, америкалик тилшунос ва файласуф:

Дунё миқёсида олиб қараганда биз ҳалокат жарлиги томон кетмоқдамиз, барбод бўлишимиз тайин, бу эса омон қолишимиз ва истиқболимизга соя солади.

Евроньюс:

Бу қандай жарлик?

Ноам Хомский:

Аслида бу иккита. Биринчиси – муқаррар экологик ҳалокат бўлиб, аҳволни ўнглашга вақтимиз жуда оз қолди. Биз нотўғри йўналишда одимламоқдамиз. Иккинчисига етмиш йил тўлди. Бу тобора хавфи ўсаётган ядро уруши хавфидир. Агар ушбу муаммоларга диққат қаратсангиз, биз фақат мўъжиза туфайлигина тирик яшаётганимизни кўрасиз.

Евроньюс:

Келинг, аввал атроф-муҳит муаммолари масаласини кўриб чиқайлик. Биз сизга савол йўллашни аудиториямиздан ижтимоий тармоқлар орқали илтимос қилдик ва кўплаб саволлар олдик. Энеа Эголининг саволи: “Атроф-муҳит муаммоларини файласуф сифатида қандай таҳлил қиласиз ва иқлим ўзгариши ҳақида нима дея оласиз?”

Ноам Хомский:

Одамзод пайдо бўлганига, балки, юз минг йиллар бўлди, аммо айни шу кунларда у тарихдаги энг нозик даврини бошидан кечирмоқда. Одам боласи ҳозир тез ечилиши зарур масала қаршисида турибди: онгли ҳаёт деб аталувчи бу эксперимент давом этадими ёки уни йўқ қилиб ташлаймизми? Аксар олимлар қазиб олинувчи ёнилғи турларини авлодларимиз истиқболи учун сақлаб қўйиш зарурлигини эътироф этишяпти. Аммо жамиятимизнинг институционал тузилмалари уни сўнгги томчисигача сўриб олишга мажбур қилади. Иқлим ўзгаришининг оқибати яқин келажакда инсоният учун ҳалокатли бўлади ва биз жар ёқасида қоламиз.

Евроньюс:

Ядро хавфи ҳақида гаплашадиган бўлсак, яқинда Эрон дастури бўйича дастлабки келишувга эришилди. Дунёнинг бир оз хавфсиз тус олганлиги сизга умид учқунларини кўрсатяптими?

Ноам Хомский:

Мен Эрон билан музокараларни қўллаб-қувватлайман, аммо аслини олганда бунда қаттиқ хатолик бор. Яқин Шарқда мунтазам агрессия, зўравонлик, террор уюштирувчи ва қонунга чап берувчи икки бебош давлат бор. Иккаловининг ҳам йирик ядровий арсенали бор. Аммо уларнинг ядро қуроллари кўриб чиқилмаяпти.

Евроньюс:

Айнан кимларни назарда тутяпсиз?

Ноам Хомский:

АҚШ ва Исроил. Икки асосий ядровий давлат. Айнан шунинг учун АҚШ социологик хизматлари ўтказган сўровларда аҳолисининг аксар кўпчилиги қўшма штатларни жаҳон тинчлигига таҳдид деб ҳисоблашларини билдиришади. Бу жиҳатдан дунёдаги ҳеч қайси мамлакат АҚШчалик хавфли ҳисобланмайди. Қизиғи шундаки, АҚШ ОАВлари бу маълумотларни эълон қилишмади, аммо улар бор.

Евроньюс:

Сиз АҚШ президенти Обамани унчалик ҳурмат қилмайсиз. Бироқ хавфсизлик шартномасидан сўнг у ҳақда фикрингиз яхши томонга ўзгармадими? Ахир у ядро уруши хавфини камайтиришга уринмоқда.

Ноам Хомский:

Аслида бундай эмас. АҚШ ядро қуроли тизимини триллион доллар сарфлаб такомиллаштириш дастурининг ташаббускори унинг ўзи-ку. Бу ядро қуроли тизими кенгайишини англатади, ядрошунос олимлар журнали истилоҳга киритган қиёмат қойим соатини яқинлаштиради. Бир неча ҳафта илгари бу соат яна 2 дақиқа олдинга сурилиб тун ярмига яқинлашмоқда. Тун ярми бу - интиҳо дегани. Ҳозир тун ярмигача 3 дақиқа қолди. Охирги 30 йил ичида – катта уруш хавфи мавжуд Рейган замонида ҳам вазият бунчалик эмас эди.

Евроньюс:

Сиз Эрон масаласида сўз очганда АҚШ ва Исроилни эсладингиз. Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Эрон ядро дастури бўйича келишувни истамаслиги бугун рўй-рост кўриниб турибди.

Ноам Хомский:

Бу қизиқ. Биз ундан негалигини сўрашимиз керак.

Евроньюс:

Нега?

Ноам Хомский:

Негалигини биз биламиз. АҚШ ни бир четга қўйинг, ҳатто минтақа миқёсида олганда ҳам Эроннинг ҳарбий сарф-харажатлари бошқаларникига нисбатан ниҳоятда кам. Эроннинг стратегик доктринаси мудофаа йўналишида. Унда дипломатлар сулҳ тузишлари учун ҳужумни узоқ муддат қайтариб туриш кўзда тутилган. Икки муттаҳам - АҚШ ва Исроил эса бу омилни тан олишни исташмайди. Ақл-ҳуши жойида стратегик таҳлилчи, Эрон ядро қуролини ишга солади, деган фикрга ҳеч қачон бормайди. Агар бунга қодир бўлганда Эрон ер юзидан шу заҳоти ўчиб кетган бўларди. Бошқарувдаги руҳонийлар хонумонларини куйдиришмоқчи эмас, бунинг бирор аломати кўринмайди.

Евроньюс:

Шу мавзуда ижтимоий тармоқлар орқали келган яна бир савол. Мортен Андерсен сўраяпти: “Кун келиб АҚШ Исроил учун хавфли бўлган бирор келишувни имзолаши мумкинми?"

Ноам Хомский:

АҚШ Исроил сиёсатини қўллаб, унинг учун хавфли, жудаям хатарли бўлган одимларни отмоқда. Исроилнинг охирги 40 йиллик сиёсати ўз бошига бало бўлди. 40 йил ортга қайтсангиз, айтайлик, 1970 йилларда Исроил дунёдаги энг ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ давлатлардан бири бўлганини кўрасиз. Исроил давлатига кўпчилик мойил эди. Бугунга келиб эса энг ёқимсиз давлатлардан бирига айланди. Ҳозир ундан қўрқишади. 70-йилларнинг бошларида Исроил бир қарор қабул қилди. Уларнинг олдида танлаш имкони бўлатуриб, ўз хавфсизликлари йўлида экспансия юритиш сиёсатини танладилар. Бу оғир оқибатларга олиб келди. Натижасини кўриб турибмиз. Мен бу ҳақда ёзганман, бошқалар ҳам қайд этиб ўтганлар. Агар сиз хавфсизлик ҳудудингизни кенгайтириш йўлига ўтсангиз бу тубанлашув, қаҳр-ғазаб, қаршилик, яккаланишга олиб келади, эҳтимолки, оқибатда барбод бўласиз. АҚШ айни шунга қаратилган сиёсатни қувватлаб Исроилга муаммолар туғдирмоқда.

Евроньюс:

Бу мени терроризм ҳақидаги саволни беришга мажбур қилмоқда. Чунки бу, ҳақиқатдан, жаҳон муаммосидир. Ўйлашимча, кўпчилик қатори сиз ҳам, жаҳон бўйича АҚШ нинг террористик сиёсатига акс муносабат ҳақида гап кетяпти, дейсиз. Биз кўриб турган дунёнинг турли бурчакларидаги террористик хуружлар учун АҚШ ва иттифоқчилари қанчалик масъулдирлар?

Ноам Хомский:

Эсда тутинг – бугун жаҳонда энг ёмон террористик кампания Вашингтондан бошқарилмоқда. Бу дунё бўйлаб қотилликлар содир этиш кампаниясидир. Бундай миқёсдаги кампания аввал ҳеч қачон бўлмаган.

Евроньюс:

Дунё бўйлаб қотилликлар содир этиш кампанияси деганда нимани назарда тутдингиз?

Ноам Хомский:

Айнан дронлар кампаниясини. Жаҳоннинг кўплаб бурчакларида АҚШ ҳукумати ўзига қачондир зарар етказиши мумкинлигидан шубҳаланган одамларни йўқотиш кампаниясини изчиллик билан юритаётганини биламиз. Булар очиқ-ошкора, ҳеч қандай сир жойи йўқ. Бу сиз юқорида айтганингиздай террорни туғдирувчи кампаниядир. Айтайлик, Яманда бирор қишлоқни бомбардимон қилаётиб, нишонга олган кишингизни балки бошқасини ўлдирсангиз, шу ҳудуддаги қолганлар қандай йўл тутиши керак, сизнингча? Улар ўч олишади.

Евроньюс:

Сиз АҚШ ни бош террорчи давлат дея атайсиз. Европага қандай таъриф берган бўлардингиз?

Ноам Хомский:

Қизиқ савол. Бир мисол келтираман. Яқинда, адашмасам, “Очиқ жамият” жамғармаси ўтказган тадқиқот “маҳбусларни фавқулодда топшириш” деб аталган қийноқ шакли борлигини кўрсатди. Бу дегани – сиз гумонланаётган бирор маҳбусни ўз қамоқхонангиздан чиқариб оласиз-да, севган диктаторингиз Асад, Қаддофий ёки Муборакка жўнатасиз. Маҳбусни азоб-уқубатларга мубтало этиш йўли билан натижа оласиз. Бу амал “маҳбусларни фавқулодда топшириш” деб аталади. Ўрганишлар бунда Яқин Шарқнинг барча диктатор режимлари қатнашганини кўрсатди, чунки қийнаш учун Европадан Англия, Швеция ва бошқа давлатлар ҳам гумонланувчи маҳбусларини жўнатган. Дунёда фақатгина бир минтақа иштирок этмаган, бу Лотин Америкасидир. Кутилмаган олижаноблик, дейсизми? Аслида бунинг сабаби Лотин Америкаси АҚШ назоратидан сезиларли даражада чиқиб кетганлигидир. У яқиндагина АҚШ назорати остида бўлганда жаҳондаги қийноқлар маркази эди. Ҳозир эса “маҳбусларни фавқулодда топшириш” деб аталувчи қийноқларда у қатнашмайди. Европа эса қатнашади. Хўжайиннинг буйруғи хизматкорга вожиб.

Евроньюс:

Яъни Европа – Қўшма Штатларнинг “хизматкори”, шундайми?

Ноам Хомский:

Шубҳасиз. Улар мустақил позицияни эгаллашга қаттиқ қўрқишади.

Евроньюс:

Путинни қандай тавсифлайсиз? Уни хавфсизликка катта таҳдидлардан бири деб аташмоқда. Бу тўғрими?

Ноам Хомский:

Кўплаб лидерлар каби у ҳам ўз аҳолиси учун таҳдид туғдирмоқда. У ноқонуний ишларга қўл ураётгани бор гап. Аммо ундан миясида нуқсони бор, Алцгеймерга чалинган ақлсиз дев ёки тумшуғи каламушникидай ёвуз мавжудот тасвирини ясаш – Оруэллча фанатизм стандартидир. Мен унинг сиёсати тушунарли эканини айтмоқчиман. Масаланинг туб сабаби шундаки, Украинанинг ғарб ҳарбий альянсига қўшилишини Россиянинг ҳар қандай лидери ҳазм қила олмайди. Бу муаммонинг тарихи 1990 йилга боради. НАТО келажаги нима бўлиши масаласи кўтарилганда Горбачев бир шарт билан  Германиянинг бирлашуви ва НАТОга киришига рози бўлганди. НАТО шарққа бир энлик ҳам кенгаймаслиги шарт эди. Ҳа, айнан шу иборани қўллашган.

Евроньюс:

Яъни Россияни йўлдан уришганми?

Ноам Хомский:

Хўш, нима бўлди? НАТО дарҳол Шарқий Германияга кирди, сўнг Клинтон келиб НАТО ни Россия чегараларигача кенгайтирди. Ҳозир эса (ағдариб ташлангандан кейинги) янги украин парламентида НАТО га кириш тарафдорлари 300 овоз, қаршилар 8 овоз билдирмоқда

Евроньюс:

Аммо нима учун улар НАТО га аъзо бўлишни исташаётганини, эҳтимол, сиз тушунарсиз? Балки Петр Порошенко ҳукумати шу йўл билан мамлакатини ҳимоя қилмоқчи бўлаётгандир?

Ноам Хомский:

Йўқ, йўқ, бу ҳимоя эмас. Қримни ҳукуматни тўнтариб бўлгач, олишди, шундай эмасми? Булар ҳаммаси Украинани ҳимоя қилмайди, балки Украинага кенг кўламли уруш хавфини солади. НАТО га интилиш ҳимоя эмас. Гап шундаки, бу Россия учун жиддий стратегик таҳдиддир, бу ҳолатга ҳар қандай Россия лидери муносабат билдириши керак бўларди. Бу ҳаммаси тушунарли.

Евроньюс:

Агар Европадаги вазиятга қарасак, яна бир қизиқ ҳодисани кўрамиз - “Сириза” ҳукумати бошқарувида Юнонистон шарққа томон интилаётибди. Испанияда кучга кираётган “Подемос” бор, Венгрия бор. Бунда Европа ва Россия манфаатлари яқинлашаётганлигини кўряпсизми?

Ноам Хомский:

Қаранг, нималар бўляпти. Венгрияда вазият умуман бошқача. “Сириза” эса ҳокимиятга халқ тўлқини чўққига чиққанда келиб, Юнонистон Брюссел сиёсатига ва мамлакатини пароканда қилаётган немис банкларига бўйсунишни ортиқ истамаслигини билдирди. Аслини олганда бу сиёсатнинг мақсади Юнонистон қарзини ЯИМ ҳажмига нисбатан ошириш. Ёшларнинг ярми ишсиз, деярли 40 % аҳоли камбағал – Юнонистонни емиришяпти.

Евроньюс:

Унда юнонларнинг қарзидан кечиш керакми?

Ноам Хомский:

Ҳа, худди шундай. 1953 йилда Европа Германия қарзининг катта қисмидан кечгани каби кечиш керак. Бундан мақсад уруш асоратларини битириб Германияни тиклаш эди.

Евроньюс:

Қолган Европа давлатларини-чи?

Ноам Хомский:

Уларга ҳам худди шу чорани қўллаш керак.

Евроньюс:

Яъни Португалиянинг ҳам, Испаниянинг ҳам қарзидан кечиш керакми?

Ноам Хомский:

Уларни ким қарзга ботирди? Ва кимга қайтариш зарур? Бу қарзларнинг бир қисми диктаторлар даврида тўпланиб қолган. Шу жумладан, Юнонистонда фашистлар диктатурасини АҚШ қўллаган эди, қарзнинг каттасини йиққан ўша бўлади. Ўйлайманки, диктатурадан кўра қарз жирканчроқдир. Халқаро ҳуқуқда бу “ғаразли қарз” (odious debt – таржимон) дейилади, уни қайтариш шарт эмас. Манфаати бор пайтида Қўшма Штатлар ушбу принципни халқаро ҳуқуққа киритган. Бу қарзнинг катта қисмини қаттиқ таваккал қилиб оз фоизли кредит ажратган немис, француз банклари тўловлари ташкил этади. Ҳозир эса шу қарзни тўламаслик масаласи турибди.

Евроньюс:

Сизга Жиля Грибодонинг саволини бераман: “Европа қаршисида турган экзистенциализмга боғлиқ муаммоларни келажакда қандай ўнглаб олади?”  Иқтисодий инқироз, миллатчиликнинг кучайиши, шунингдек, Европа бўйлаб юзага келган маданий дарзликларнинг ҳам айримларини таърифлаб бердингиз. Европанинг қиёфаси қандай ўзгаради, сизнингча?

Ноам Хомский:

Европа жиддий муаммоларни бошдан кечирмоқда. Брюссел мансабдорлари ва Еврокомиссия юритган иқтисодий сиёсат, НАТО ва йирик банклар, хусусан, немис банклари кўрсатган босим оқибатида бу муаммолар юзага келди. Бу хил сиёсатни ишлаб чиққанларнинг аниқ мақсадлари бор. Бир томондан улар таваккал берган катта кредит ва инвестициялар қайтарилишини истайдилар, иккинчи томондан эса бундан давлат заифлашиб омманинг ночорлашуви уларга ёқмайди. Фаровон ва мўл-кўл давлат қуриб Европа замонавий жамиятга улкан ҳисса қўшди, бироқ бойлар ва қудратлилар ҳеч қачон уни хуш кўришмайди. Шундай бўлгач, бойларнинг наздида унинг заифлашгани яхши. Европанинг иккинчи муаммоси унинг ўта ирқчилигидир. Мен ҳамиша Европа АҚШга нисбатан анчайин ирқчилигини ҳис қилганман. Бу олдин унчалик сезилмаган, чунки Европа аҳолиси бир тусли эдилар. Яъни ҳамма малла сочли ва мовий кўзли бўлса ирқчилик йўқдай, аҳоли туси ўзгарганда эса дарҳол пайдо бўлади. Бу Европанинг оғир маданий муаммосидир.

Евроньюс:

Мен Роберт Лайкнинг саволи билан некбин руҳда якун ясамоқчи эдим. Унинг саволи шундай: “Сизга нима умид бахш этади?”

Ноам Хомский:

Юқоридаги гапларимдан баъзилари менга умид бахш этади. Масалан – Лотин Америкасининг эрки ўзидалиги. Бу тарихий аҳамиятга эга. Биз буни Панамадаги Америка саммитида кўрдик. АҚШнинг охирги континентал учрашувларда тўла ажратиб қўйилган эди. 10-20 йил олдин Қўшма Штатлар Лотин Америкаси ишига аралашиб юрган даврга қараганда чуқур ўзгариш кузатилмоқда. Асл сабаби эса Обама АҚШ иҳотасига бардош берган Кубага шама қилганлигидир. Куба эмас, АҚШ яккаланган. Бу, шубҳасиз, барбодликдир. Европада “Сириза” ва “Подемос” борлиги умид бағишлайди. Умид қиламизки, банклар ва тўралар юритаётган охири вой иқтисодий ва ижтимоий сиёсатга, тарқоқликка қарши курашга, ниҳоят, халқ енг шимарди. Мана шу умид бахш этади. Бу амалга ошиши шарт.

 

euronews.com сайтидан Шукуржон Исломов ўзбекчалаштирди

эслатма: Матндан фойдаланганда sof.uzга ҳавола беришни унутманг

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан