АҚШда Доналд Трампга қарши юзлаб намойишчилар ҳибсга олинди

12.11.2016 | Жаҳон | 1440

АҚШнинг турли шаҳарларида Доналд Трампнинг президентликка сайланишига қарши намойишлар уч кундан бери давом этмоқда, дея хабар беради Reuters агентлиги.

8 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган 58 президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан Доналд Трамп ғалаба қозониб, АҚШнинг 45 президенти эиб сайланган. Сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Намойишчилар мусулмонларни мамлакатга киритмаслик ва муҳожирларни ҳайдаб чиқаришни қўллаб-қувватловчи кишининг президент бўлишига қарши чиқишмоқда. Доналд Трамп сайловолди нутқларида Мексика билан чегарада улкан девор қуриш, мамлакатда муҳожирларга нисбатан чекловлар жорий қилиш, мусулмонлар мамлакатга киришига тақиқ қўйиш каби таклифлар билан чиққан эди.

Жума куни Майами, Атланта, Филадельфия, Нью-Йорк, Сан-Франциско ва Портланд шаҳарларида минглаб намойишчилар шаҳар кўчаларини тўлдиришган.

Портланд марказида намойишчилар полицияга қарши турли буюмларни улоқтиришган. Автомобиллар ва биноларга зарар етказишган. Маҳаллий ОАВ берган маълумотга кўра, бир киши ҳибсга олинган. Пайшанба кунги намойишларда Портландда 26 киши ҳибс қилинган.

Лос Анжелес кўчаларини юзлаб намойишчиларнинг юришлари тўсиб қўйгани айтилмоқда. Одамлар: «Биз президентни рад этамиз. Кимнинг кўчаси? Бизнинг кўчамиз», – дея қичқиришган. Пайшанба куни Лос Анжелесда намойишчилардан 185 киши қўлга олинган. Полиция билан бўлган тўқнашувларда бир нафар полициячи жароҳат олиб шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.

Майами марказида ҳам минглаб кишилардан иборат оломон шаҳарнинг асосий магистрал йўлидаги ҳаракатни тўсиб қўйишган. Ню-Йоркдаги намойишчилар Вашингтон майдони боғи ҳамда Доналд Трампга қарашли Трамп минорасига юриш қилишган. Пойтахт Вашингтонда ҳам юзлаб талабалар норозилик акцияси ўтказишган.

Доналд Трампга қарши кишилар унинг сайланиши америкаликларнинг фуқаролик ва инсоний ҳуқуқларини поймол этишидан хавотир билдиришмоқда. Маълум бўлишича, АҚШдаги ирқчилик ва миллатчиликка асосланган ташкилотлар, жумладан ашаддий ирқчилиги билан машҳур Ку Клукс Клан (ККК) ҳаракати Трампнинг сайловдаги ғалабасини олқишлаб чиққан. Доналд Трампнинг ўзи Ку Клукс Кланга алоқадорлигини инкор этмоқда.

Доналд Трампнинг қасамёд маросими 2017 йилнинг 20 январига белгиланган. Қайд этиш жоизки, Трампга қарши норозилик намойишларининг асосий иштирокчилари асосан ёшлар, талабалар ва ўсмирлар бўлмоқда. Дам олиш кунлари бутун мамлакат бўйлаб йирик намойишлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.