Кашфиёт: Майя пирамидалари "Матрёшка қўғирчоғи" кўринишида қурилган

18.11.2016 | Илм-фан | 735

Олимлар Кулкулкан пирамидасида яна иккита ички пирамида мавжудлигини анилашди, дея хабар бермоқда Guardian нашри.

Мексиканинг Юкатан штатида жойлашган Чичен Итза археологик мажмуасидаги 30 метрлик Кулкулкан пирамидаси ўрганилганда, унинг ички қисмида 20 ва 10 метрлик пирамидалар ичма-ич жойлашгани маълум бўлган. Пирамиданинг тузилиши рус миллий ўйинчоғи бўлмиш «матрёшка қўғирчоғи»ни эслатади.

Мексика шарқида қурилган, майялар даврига оид пирамиданинг 20 метрлик ички биноси ўтган асрнинг 30 йилларида кашф этилган эди. Тарихчилар фикрича, энг кичик ички пирамида 550 ва 800 йиллар оралиғида қурилган. 20 метрлик иккинчи иморат эса 800-1000 йилларда бунёд этилгани тахмин қилинади. Энг сўнгги пирамида қурилиши эса 1050-1300 йилларга бориб тақалади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Эл Кастилло пирамидаси ҳам уч босқичда қурилган. Бунинг сабабини олимлар ҳали аниқлашганича йўқ. Тахминларга кўра, мавжуд пирамиданинг устига бошқаси қурилиши янги етакчининг келиши шарафига қилинган бўлиши мумкин.

2015 йилда олимлар Кулкулкан пирамидаси майялар учун муқаддас ҳисобланган ерости дарёси устига қурилганини аниқлашган эди.