Кун тарихи: мусулмонларнинг Қодисия жангида қозонган ғалабасига 1,380 йил тўлди

19.11.2016 | Таҳлил | 1371

Милодий 636 йилда (ҳижрий 15 йилда) Араб Халифалиги ва Эрондаги Сосонийлар империяси ўртасидаги илк йирик тўқнашув Ироқнинг Қодисия қишлоғида бўлиб ўтган эди. У пайтларда Ироқ ҳудудлари Форс давлатига қарам бўлиб, аҳоли асосан зардўштийликка эътиқод қилган.

Форс давлати Византия империяси билан бирга ўз замонасининг энг қудратли мамлакати эди. Сосонийлар империяси қулашида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган Қодисия жангида мусулмонлар қўшинига Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)нинг энг яқин сафдошларидан саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос қўмондонлик қилади. Ўша пайтда Ислом давлати раҳбари Халифа Умар ибн Хаттоб эди.

Форс қўшинига Хуросон ҳокими Рустам ибн Фаррухзод бошчилик қилган. Рустам Саъд ибн Абу Ваққос жўнатган элчиларнинг исломга кириш ҳақидаги даъватини рад этгач, икки ўртада 3 кундан ортиқ давом этган жанг 636 йилнинг 16 ноябрида бошланади.

Мусулмон лашкарига Суриядан 10 минг кишилик қўшин ёрдамга келган. Бу қўшинни халифа Умар ибн Хаттоб Дамашқ шаҳрини эгаллагач юборган. Жангнинг 3 куни ҳар галгидек баҳодирларнинг яккама-якка олишуви билан бошланган, сўнгра қўшинлар тўқнаш келган. Жанг тунда ҳам давом этган. Тўртинчи куни (19 ноябрь) тонгида ғарбдан шамол эсиб форс қўшини устига чанг-тўзон ёғилган. Мусулмон ҳарбий қисмларидан бири Рустам қароргоҳига бостириб киради ва Ҳилол ибн Уллафа уни ўлдиради. Саркарданинг ўлими Эрон қўшинини саросимага туширган ва уни мағлубиятга учрашига сабаб бўлган.

Мағлуб бўлган форс қўшинларининг қолдиқлари, қўмондонлари ва энг жасур жангчилари бўлмиш Рустамнинг ҳалок бўлганини кўриб қочиб, тарқалиб кетишди. Мусулмонлар уларни Нахованд шаҳригача таъқиб қилиб боришди. 

Ўшанда 15 ҳижрий сананинг Шаъбон ойи (мильодий 636 йилнинг 19 ноябри) эди. Қодисия жанги мусулмон фотиҳларнинг музаффар лашкари қозонган тарихий ғалабаларидан энг катталаридан бири эди. Ушбу жангда ўша пайтда дунёнинг катта қисмини эгаллаб турган Форс ипериясининг умуртқа поғонаси синди: 40 мингдан ортиқ аскар ва 30 дан ортиқ  жанговор филларга эга форс қўшини мағлуб бўлди. Бу империянинг асосий аскари ва қўмондонлари ҳалок бўлди.

Тарихчи Табарийнинг келтиришича, жангда 6 минг мусулмон ҳамда 10 мингдан ортиқ форс аскарлари ҳалок бўлган.