Малайзияда минглаб намойишчилар бош вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқда

21.11.2016 | Жаҳон | 612

Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишга чиқди, дея хабар бермоқда Al Jazeera телеканали.

Намойишчилар бир неча миллиардлик коррупция можароларида иштирок этганликда айбланаётган бош вазир Нажиб Раззоқнинг истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Ҳукуматга қарши фаоллар ва мухолифатнинг ҳибсга олиниши ортидан, сариқ рангга бурканган минглаб намойишчилар шанба куни пойтахт марказида митинг уюштиришган.

Жума куни Берсиҳ (малай тилида: тозалаш) номли ислоҳотчи гуруҳнинг раҳбарлари Мария Чин ва Мандип Сингҳ ҳамда ташкилотнинг 19 нафар аъзоси ҳибсга олинган эди. Берсиҳнинг Твиттердаги расмий саҳифасида маълум қилинишича, гуруҳ аъзоларига тегишли алоқа воситалари ва банк ҳужжатлари ҳам мусодара қилинган. 

Айни кунларда Перу пойтахти Лима шаҳридаги Осиё-Тинч океани саммитида иштирок этаётган бош вазир Нажиб Раззоқ ўзи ташкил қилган 1МДБ давлат жамғармаси билан боғлиқ молиявий жиноятларда айбланмоқда. Жамғармага нисбатан тергов жараёнлари АҚШ ва бошқа бир неча мамлакатларда давом этмоқда. 

АҚШ Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, Малайзия бош вазирининг яқин кишилари томонидан 3,5 миллиард доллардан кўпроқ маблағлар жамғармадан ўғирланган. Дастлабки тергов натижаларига кўра, жамғармадан 1,3 миллиард пул АҚШда кўчмас мулклар сотиб олиш учун сарфланган. Яна 700 миллион доллар миқдоридаги маблағ Малайзиянинг юқори мартабали расмийсининг ҳисоб рақамига ўтказилган.

Бош вазирнинг ўзи барча айбловларни рад этган ва ҳеч қандай намойишлардан қўрқмаслигини айтган. Шунингдек, Берсиҳни «фирибгарликка асосланган» гуруҳ дея таърифлаган Нажиб Раззоқ мухолифларни демократик йўл билан сайланган ҳукуматни ноқонуний усулллар билан ағдаришга уринишда айблаган.

Шанба куни ҳукуматни қўллаб-қувватловчи бир гуруҳ одамлар ҳам намойишга чиққани хабар қилинмоқда. Берсиҳ томонидан 2015 йилнинг август ойида ташкил этилган ҳукуматга қарши намойишларда 50 минг киши қатнашган эди.