Эрдўғон: Туркия қочқинлар учун ЕИ билан чегараларини очиши мумкин

26.11.2016 | Жаҳон | 657

Туркия Европа Иттифоқи Анқарага нисбатан нодўстона сиёсатини давом эттирса, қочқинлар учун ЕИ билан чегараларини очиши мумкин, дея эълон қилди Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон. Бу ҳақида Анадолу агентлиги хабар бермоқда.

Европарламент жума куни Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши тўғрисидаги музокараларни тўхтатиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган эди. Бу эса Анқаранинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Бош вазир Бинали Йилдирим сўзларига кўра, ҳужжат унинг мамлакати учун ҳеч қандай юридик кучга эга эмас.

«Сиз ҳеч қачон инсониятга нисбатан тўғри ва ҳаққоний тутмагансиз. Биз 3 миллион қочқинни қабул қилдик, сиз эса 50 минг киши киришга уринганида девор қуришни бошлайсиз. Эшитиб қўйинг, агарда сиз яна илгари борадиган бўлсангиз, билингки, мазкур чегара пунктлари очилади», — деди Эрдўғон Истанбулдаги «Аёллар ва демократия» конференциясида сўзга чиқар экан.

Германия ҳукуматининг расмий вакили ўринбосари Ульрике Деммер кейинроқ Эрдўғоннинг қочқинлар бўйича келишувни бузиши тўғрисидаги таҳдидлари самарасиз эканини маълум қилди.