Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кеп қолинг, паспортлар бо-о-р!
9.04.2016 08:21,  
51

Пул топишга қийналиб қолган давлатлар нималарни ўйлаб топишмайди дейсиз. Масалан, давлат бюджетини тўлдиришнинг йўлларидан бири – фуқароликни сотиш… Айтайлик, сиз маълум миқдорда инвестиция киритасиз, бунинг эвазига эса фуқаролик туҳфа этилади. Маълумотларга қараганда, сўнгги пайтда Яқин Шарқ, Россия ва хитойликлар орасида шу тариқа ўзга давлатларнинг паспортини олаётганлар сони ортиб бормоқда. 

“Иқтисодий фуқаролик” номини олган ушбу жараён ҳаммага ҳам ёқаётгани йўқ. Жорий йил январида Европа комиссияси раисининг ўринбосари Вивьен Рединг шундай деди: “Фуқаролик сотувга қўйилмаслиги керак!” Бироқ ҳозирча бойларнинг ошиғи олчи бўлиб турибди. Сўнгги бир йил ичида Антигуа ва Барбуда, Гренада, Мальта, Нидерландия ва Испанияда пулдор инвесторлар учун фуқароликни олишни енгиллаштирувчи дастурлар очилди. Мазкур дастурлар қандай номланашидан қатъи назар, моҳияти бир хил – фуқароликни сотиш. Бунинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги – алоҳида муҳокама мавзуси. Ҳозирча айрим давлатларнинг паспорти неча пул туришини кўриб чиқайлик.

Доминика

Энг арзон фуқаролик – Кариб денгизида жойлашган Доминика орол-давлатида. 100 минг доллар миқдорида инвестиция киритгач, айрим қўшимча тўловларни тўлайсиз ва суҳбатдан кейин, қарабсизки, Доминика фуқаросига айланиб турибсиз. Бироқ унутмаслик керакки, фуқароликка даъвогарлар учун суҳбат ўтказадиган комиссия ойига бир марта тўпланади ва Доминика паспортини олиш учун 5 ойдан 14 ойгача вақт кетиши мумкин.   

Доминика Британия Ҳамдўстлигига киргани учун ушбу давлат фуқаролари Буюк Британияда алоҳида имтиёзларга эга, шунингдек, элликта давлатга визасиз бора олишади.

Сент-Китс ва Невис

Сент-Китс ва Невис ҳам Кариб денгизида жойлашган орол-давлат. Инвестиция орқали фуқаролик бериш дастурини 1984 йилда айнан шу давлат бошлаб берган.

Сент-Китс ва Невис фуқаролигини олишнинг икки йўли бор. Бириничисида Шакар саноатини диверсификациялаш жамғармасига 250 минг доллар тўлайсиз, бу сумма қайтариб берилмайди. Яъни бошқача айтганда, 250 минг доллар хайрия қилсангиз, фуқаролик оласиз. Иккинчиси, мазкур давлат ҳудудидаги кўчмас мулкка камида 400 минг доллар миқдорида сармоя киритасиз.

Ушбу дастур АҚШ Молия вазирлигининг эътиборини тортмай қўймади. Вазирликдагилар Сент-Китс ва Невис паспортини қўлга киритган эронликларнинг АҚШга келиши ва ҳатто санкцияларга қарамай инвестиция киритиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирди. Шундай қилиб, бу дастур 2011 йилнинг декабрида эронликлар учун ёпилди.

Антигуа ва Барбуда

Антигуа ва Барбуда – Кариб денгизида жойлашган яна бир давлат. Бу ерда инвестиция орқали фуқаролик бериш дастури 2013 йилнинг охирида жорий этилди. Антигуа ва Барбуда фуқаролигини олишни истаганлар кўчмас мулкка камида 400 минг доллар киритиши ёки давлатга 200 минг доллар хайрия қилиши керак.

Антигуа ва Барбуда бош вазири Болдуин Спенсер ушбу дастур очилишини изоҳлар экан, иқтисодий ўсишнинг секинлагани ва “анъанавий молиялаштириш манбаларининг қарийб буткул йўқ бўлгани”ни сабаб қилиб кўрсатди.

У мисол тариқасида нафақат Сент-Китсни, балки АҚШни ҳам келтирди. Маълумки, АҚШ ҳукумати 500 минг доллар сармоя киритган ва ўнта иш ўрни яратган хорижликка EB-5 визасини беради, бу виза ўз навбатида маълуму машҳур грин-картани олиш ҳуқуқи демакдир. Маълумотларга қараганда, 1990 йилдан бери хорижликлар АҚШ иқтисодиётига 6,8 миллиард доллар киритишди ва 29 минг кишига EB-5 визаси берилди. Визанинг бу турига чеклов қўйилган: йилига 10 мингта берилади.

“Мазкур дастур дуч келган одамга Антигуа ва Барбуда фуқаролигини бераверамиз дегани эмас”, – дея таъкидлади бош вазир Спенсер.

Мальта

“Инвестиция орқали фуқаролик дастурлари айниқса Европада кўп эътибор тортмоқда”, – дейди Торонта университети профессори Айелет Шачар.

Мальтанинг ана шундай дастури эътирозларга сабаб бўлди. Ҳукумат 650 минг евро киритган кишига, Мальтада яшамаса ҳам, фуқарорлик беришга қарор қилди. Шу тариқа Мальта паспорти Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида энг арзони бўлиб қолди.

Мамлакат бош вазири Жозеф Мускат дарров ҳисоб-китобга тушиб кетди: агар дастур орқали 45 га яқин киши фуқаролик олишга мурожаат қилса, давлат 30 миллион евро фойда кўради. 

Бироқ Европа Иттифоқи расмийлари босими остида дастурга ўзгартиришлар киритилди: энди Мальта фуқаролигини олмоқчи бўлганлар бу ерда камида бир йил яшаши ва 1,15 миллион евро сармоя киритиши зарур. 

“Ҳозир ҳар қайси сиёсий жамият олдида муҳим савол турибди: у ёки бу давлатнинг фуқаросиман дейишга кимлар ҳақли эканлиги қандай белгиланади? – дейди профессор Шачар. – Агар инвестициялар орқали фуқаролик дастурларига таянсак, фуқароликни олиш истовчилар чўнтагининг қанчалик қаппайганига боғлиқ бўлиб қоляпти. Бу эса анъаналарга зиддир, ахир бошқа бир давлатнинг фуқаролигига ўтиш ҳар доим киши ва унинг янги ватани ўртасида самимий алоқалар ўртанилишига асосланган”.

Кипр

Европа Иттифоқида инвестиция эвазига фуқаролик таклиф қилаётган мамлакатлар орасида Кипр ҳам бор.  Жорий йил мартида Кипр фуқаролиги нархи 2 миллион еврога тушди: Европа Иттифоқи томонидан таклиф қилинган инқироздан чиқиш режаси ана шуни тақазо қилди.

Бироқ 2 миллион евро ҳамма учун ҳам эмас, камида 12,5 миллион евро сармоя киритадиган бирор гуруҳ ёки ташкилотга аъзолар учундир. Якка тартибда фуқаролик олмоқчи бўлганлар Кипр банкига камида 5 миллион евро қўйиши керак.

Айтиш керакки, Кипр фуқаролигини олмоқчи бўлганлардан аввалига 28 миллион евро талаб қилинган эди. Кейинроқ бу нарх 10 миллионга, охир-оқибат 5 миллион еврога тушди. Балки яна арзонлаб қолар…

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан