Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Америкалик мусулмон: фарзандимга янги президент бизни ёмон кўришини қандай тушунтирай?
3.12.2016 10:07,  
17

Доналд Трампнинг ғалабаси АҚШда мусулмонларга қарши кайфият кучайишига олиб келди. Буни 9 ёшли болага қандай тушунтириш мумкин?

«У (Ҳиллари Клинтон) ютдими?» – сўради кўзлари қизариб кетган 9 яшар қизчам Флоридадаги овоз бериш жараёни якунига етгач, уйқуга ётар экан. Нонушта дастурхони қаршисида ўтирар экан, унга биз яшайдиган штат – Виржиния Ҳиллари Клинтонга овоз бергани, аммо бошқа штатлар, жумладан, Оҳайо, Мичиган ва Пенсилвания Доналд Трампни танлагани ҳақидаги янгиликларни айтишга мажбур бўлдим. «Энди бизда аёл президент бўлмайдими?» – сўради у яна умидсиз ҳолда.

Унга биз – сон жиҳатдан кам бўлган жамоа вакиллари ташвишланиш учун каттароқ муаммоларимиз борлигини айта олармидим? Ирқчилик, антисемитизм, аёлларни ёмон кўриш ва ҳаммасидан ҳам кўпроқ унинг ҳаёти ва келажагига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган исломофобия ҳақида-чи?

Унга Исломнинг тарқалишига қарши курашиш учун янги аъзоларни ёллаётган Ку Клукс Клан ҳақида қандай айтайин?

Сайлов кунидан бери давом этаётган рангли ирқ вакилларига қарши ҳужумларнинг бир қисми сифатида онаси каби кийинадиган аёлларнинг бошидан рўмоллари юлқиб олинаётганини муслима қизимга қандай етказай? Унинг тенгдошлари бўлган мактаб ўқувчилари бу каби нафратга тўла зўравонлик вирусидан заҳарланмаганмикин? Жоржиядаги мактаб ўқитувчисининг столида эндиликда рухсат этилмайдиган рўмолига ўзини осиши лозимлиги ҳақидаги мактуб қолдириб кетилган, хатга «Америка» дея имзо қўйилган бўлса.

Ҳар тонг синфда ишонч аҳдномасини такрорлайдиган, Американинг шарафли фуқароси бўлган қизимга унинг миллионлаб ватандошлари бўлган америкаликлар ўзларига унинг динини Америкага душман деб биладиган, мусулмонларни 11 сентябрь кунини байрам қилишда ва террорчилар ҳақида ҳукуматга хабар бермасликда айблаган одамни президентликка сайлаганликларини қандай тушунтирай? Ваҳоланки, душанба куни Федерал қидирув бюроси АҚШда мусулмонларга қарши жиноятлар 2015 йилда 67 фоизга ўсиб, 11 сентябрь воқеаларидан кейинги энг юқори даражага тенглашганини эълон қилган бўлса.

Унинг хорижда яшайдиган бобо-бувилари, амма-холалари, амаки-тоғаларию жиянлари, хуллас, барча мусулмон қариндошларини дини туфайлигина АҚШга киришдан маҳрум қилиш каби ваъдалар президентнинг сайловолди режаларида асосий ўринда турганини қандай маълум қилай? Модомики, Доналд Трампнинг мусулмонларга тақиқ қўйишга оид таклифи ҳамон унинг расмий вебсайтида турган бўлса.

Фарзандимга мусулмонларга тақиқ қўйиш тинчликсевар ва қонунга риоя қилувчи мусулмонларни безбетларча камситишга қаратилган Трампнинг ягона таклифи эмаслигини, янги сайланган президент қизимни ва бошқа америкалик мусулмонларни алоҳида рўйхатга олиш ҳақида ҳам гапирганини қандай тушунтирай? Ҳолбуки, журналистлардан бири унинг мазкур таклифи фашистлар Германиясининг яҳудийларни рўйхатга олишидан қандай фарқ қилишини сўраганда, унга «Ўзингиз айтақолинг», дея жавоб берган бўлса.

Унга Трампнинг сиёсий маслаҳатчиси Валид Фареснинг “Она Жонс” журналининг тергов-суриштирув ишига нишон бўлганини қандай айтай? Ҳозирча, унинг зўравонликларда қатнашгани ҳақида маълумот йўқ, аммо журналистлар унинг 80-йиллардаги Ливанда мусулмонларга қарши амалга оширилган шафқатсизликлар учун жавобгар бўлганини аниқлаган ҳамда энди у Оқ уйдаги юқори лавозимга эришиш арафасида бўлса.

Ёки бўлмаса ҳукуматнинг собиқ мулозими Нют Гингрични олинг. Америкалик мусулмонларни синовдан ўтказиш ва шариатга ишонадиганларни депортация қилишни истайдиган ҳамда мусулмон экстремистларини тадқиқ қилиш учун Оқ уйда янгича «Ғайриамерикача фаолиятлар қўмитаси» ташкил этишни таклиф қилган шахс Трампнинг ҳукуматидан ўрин олишга даъвогар бўлса. «Мусулмонлардан қўрқиш мақсадга мувофиқ», деган истеъфодаги генерал Майкл Флинн эса мудофаа вазири ёки миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимини эгаллашга яқин турган бўлса.

Махфий полицияни Ню-Йорк ва Ню-Жерсидаги масжидларга жўнатиши билан мақтанган собиқ майор Руди Жулиани давлат котиблиги учун энг асосий даъвогар бўлса. Барак Обамани «Американинг биринчи мусулмон президенти» деб атаган ва «Американинг энг номдор исломофобларидан бири» сифатида ном чиқарган Френк Гафни Трампнинг жамоасига тайинланиб бўлган бўлса.

Унга Трампнинг тарафдорларини аниқлашнинг энг осон йўли одамларга «Барак Обама мусулмонми?» - деб савол бериш эканлигини қандай айтай? Ҳамилтон коллежи сиёсатшуноси Филип Клинкнер ўтказган тадқиқотга кўра, Барак Обамани мусулмон ҳисоблайдиган оқ танли америкаликларнинг 89 фоизи Трампни Клинтондан афзал кўрса. Ваҳоланки, бу усул одамлардан иқтисодиёт ёки қайси партияга аъзолиги ҳақида сўрашдан ҳам яхшироқ натижа берса.

Қизгинамга ашаддий ирқчилиги ва қора танлиларга нисбатан тоқатсизлиги билан танилган, айни дамда «Ислом динининг тарқалишига қарши кураш» учун янги террорчиларни ёллаётган Американинг анъанавий жиноий гуруҳи – Ку Клукс Клан ҳақида нима дейин? Ахир, бу ташкилот президентлик сайловида Трампни очиқчасига қўллаб-қувватлагани ҳолда, унинг собиқ етакчиси Девид Дюк унинг сайловда ғалаба қозонишида ташкилоти муҳим роль ўйнаганини фахр билан айтиб турган бўлса. Бунинг устига, декабрь ойида ККК Шимолий Каролинада Трампнинг ғалабасига бағишланган парад ўтказишни режалаштираётган бўлса. Мен қизимга бу намойишни қандай кўрсатай?

Буларни қачонгача қизимдан яшира оламан? Тез орада унга ҳамма мусулмон ота-оналар ташвишга тушган масала – исломофобия ҳақида гапиришга мажбур бўламан. Мазкур суҳбатда фарзандимга жамоат жойида ўз эътиқоди ҳақида оғиз очишда эҳтиёт бўлишни тайинлашга мажбурман. Чунки атрофида уни эътиқоди туфайлигина хавфли деб ҳисоблайдиган, мусулмонлардан қўрқадиган ва Исломдан нафратланадиган одамлар бор.

Унга ушбу мамлакатнинг президенти ҳам ўша инсонлар қаторида эканлигини қандай уқтирай?

Маҳди Ҳасан

theguardian.com сайтидан олинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан