Доналд Трамп сайловда ғалаба қозонишига Россия ёрдам берганини рад этди

13.12.2016 | Жаҳон | 433

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп Марказий разведка бошқармасининг (CИА) президентлик сайловларига Россия аралашганига оид ҳисоботини «кулгили» деб атади. Бу ҳақида Reuters​ агентлиги хабар бермоқда.

Марказий разведка бошқармаси (CИА) ўтган ҳафтада 8 ноябрьда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижасига россиялик хакерлар таъсир ўтказгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Доналд Трамп бундай маълумотларни тарқатишда Демократлар партиясини айблаган. Унинг фикрича айбловлар мутлақо асоссиз. «Буни кулгили деб ҳисоблайман. Менимча, бу навбатдаги баҳона, холос. Бунга ишониб бўлмайди», – деб айтган янги президент Fox News Sunday​ нашрига берган интервьюсида.

Доналд Трампнинг сўзлари АҚШ расмийлари орасида кескин норозилик уйғонишига сабаб бўлган. Исми ошкор этилишини истамасдан Reuters​'га интервью берган АҚШ махфий хизмати вакили Трампнинг мазкур баёнотидан «хавотирли» эканлигини айтган. У Россиянинг 8 ноябрьдаги сайловл натрижасига таъсир ўтказиш учун кибер ҳужумлар уюштирганига шубҳа қилмаслигини билдирган.

Россиянинг АҚШдаги президент сайловига таъсир кўрсатишга урингани ҳақидаги айбловлар сайловдан олдин кўтарила бошланган эди. Демократлар партияси россиялик хакерларни президентликка номзод Ҳиллари Клинтоннинг электрон почтасига кибер ҳужум уюштиришда айблаб чиққан эди.

Барак Обама ҳукумати разведка хизматига 8 ноябрьдаги сайловга уюштирилган кибер ҳужумларни ўрганиш вазифасини топширган ва Россияни шундай ҳужумлар амалга оширишда айблаган эди.