Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳаммаси нефть учун: XXI асрнинг энергетика урушлари
13.04.2016 15:58,  
84

Ироқ, Сурия, Нигерия, Жанубий Судан, Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизлари: дунёнинг қаерига қарама, янги низолар бошланяпти ёки эскилари қайтадан аланга оляпти. Илк боқишда, улар бир-бирига боғлиқ бўлмаган, ўзига хос сабаблар туфайли келиб чиққан ҳодисалардек туюлади. Бироқ диққат билан қарасангиз, этник, диний ва миллий ихтилофларнинг ортида энергия захиралари учун кураш ётганини кўрасиз, дея ёзади TomDispatch интернет-нашри муаллифларидан бири, Гэмпшир коллежи профессори Майкл Клэр “Нефть учун кураш” (Fighting for oil) мақоласида.

Бу низоларнинг ҳар бирида қабилалар, конфессиялар ва халқлар ўртасида азалдан давом этиб келаётган қарама-қаршиликлар ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. Айтайлик, Ироқ ва Сурияда суннийлар, шиалар, курдлар, туркманлар ва бошқалар; Нигерияда мусулмонлар, насронийлар ва турли қабилалар; Жанубий Суданда динк ва нуэр элатлари; Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларида хитойликлар, японлар, вьетнамликлар, филиппинлар ва бошқа халқлар ўртасида ихтилофлар тугаш билмайди. Низоларга чиндан ҳам тарихий сабаблар туртки берса-да, улар ғоят замонавий омиллар билан суғорилган. Бу вазиятни тўғри тушунишимиз зарур: кўз ўнгимизда XXI асрнинг энергетика урушлари бормоқда.

Бу низоларда энергетиканинг муҳим роль ўйнаши ҳеч ким учун кутилмаган ҳол бўлмаслиги керак. Ахир, нефть ва газ дунёдаги энг қиммат хом ашё, уларни қазиб оладиган ва сотадиган давлатлар ҳамда корпорациялар учун муҳим даромад манбаи ҳисобланади. Аслида Ироқ, Нигерия, Жанубий Судан ва Сурия каби мамлакатларда асосий даромад нефть сотувидан тушади, йирик энергетика компаниялари эса (уларнинг аксарияти давлатга қарашли) мазкур давлатларда катта ҳокимият ва кучли таъсирга эга. Ушбу давлатлар ва нефть-газга бой ҳудудларни бошқарадиганлар айни пайтда энергия захираларидан келадиган даромадларни йиғиш ва тақсимлаш билан ҳам шуғулланади. Шундай экан, юқорида зикр этилган минтақалардаги низолар тарихий сабабларга таянса-да, аслида уларнинг аксари миллий даромаднинг муҳим манбалари назорати учун курашдир.   

Қолаверса, биз энергия ҳамма нарсадан устун турадиган, нефть ва газ захиралари устидан назорат ким учундир геосиёсий таъсирга, бошқалар учун эса иқтисодий ҳимоясизликка айланадиган дунёда яшаяпмиз. Кўпгина давлатлар энергия захиралари импортига кўз тикиб қолган экан, бу захиралар ошиб-тошган мамлакатлар эса дунё саҳнасида катта таъсирга эга бўлишини тушунириб ўтиришга ҳожат йўқ. 1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши, 1990-1991 йиллардаги Форс кўрфази уруши, 1983-2005 йилларда давом этган Судандаги фуқаролар урушида энергия захиралари учун кураш муҳим омилга айлангани бежиз эмас.

Ироқ, Сурия, “Ироқ ва Шомнинг исломий давлати”

“Ироқ ва Шомнинг исломий давлати” (ИШИД) – Сурия ғарби ва Ироқ шимолини назоратига олган эстремистик ташкилот. Бу ташкилот исломий халифалик барпо этишни орзу қилиб келаётган эди, яқинда ана шу орзуси амалга ошганини эълон қилди ҳам. Давлат қуриш уй қуриш дегани эмас – давлат органларини молиялаштириш, армияни сақлаб туриш, қурол-яроғ ва ёнилғи сотиб олиш, инфратузилмани ишчи ҳолатида сақлаб тура олиш зарур. Нефть ва бошқа айрим йирик даромад манбалари бўлмаса, ИШИД режаларини рўёбга чиқаришга умид қилмаган бўлар эди. Бироқ бугунга келиб мазкур ташкилот Суриядаги нефть қазиб олинувчи асосий ҳудудлар ва Ироқдаги нефтни қайта ишлаш қувватларини эгаллаб олди. Яъни нефть ИШИД режалари ҳаётга татбиқ этилиши учун сув ва ҳаводек зарур.

Сурия ҳеч қачон нефть қазиб олувчи йирик давлат бўлмаган, аммо кунига 400 минг барреллик нефть ҳукумат учун жиддий даромад манбаи ҳисобланган. Ҳозир мамлакатдаги нефть конларининг катта қисми исёнчи гуруҳлар, жумладан, “Ироқ ва Шомнинг исломий давлати”, “Ал-Қоида”га алоқадор ан-Нусра фронти, ва маҳаллий курд жангариларининг қўлида. Нефть қазиб олиш камайган бўлса-да, қазиб олинаётгани махфий йўллари билан сотилмоқда ва ундан тушаётган пул исёнчиларнинг эҳтиёжларига етиб турибди.

Олдинига нефть қазиб олиш билан кўп сонли исёнчи гуруҳлар шуғулланаётган эди, бироқ январь ойида ИШИД Раққа вилояти ва унинг айни номдаги марказини эгаллаб олгач, асосий нефть қазиб олувчига айланди. Бундан ташқари, ИШИД Ироққа қўшни Дайр аз-Заур вилоятидаги конларни ҳам эгаллади. Ташкилотнинг Ироқдаги мақсади ҳам нефть конларини назорат қилиш.

Ироқ шимолидаги жанглар қандай тус олишидан қатъи назар, нефть марказий роль ўйнаши аниқ. ИШИД Бағдодни нефтдан келадиган даромаддан маҳрум этишга уриниш билан ўз чўнтагини қаппайтиган бўлади. Қолаверса, ИШИД билан ҳамкорлик қилувчи гуруҳлар ҳам ўз назоратларидаги ҳудудларнинг нефть конларига ва катта даромадга эгалик қилишни исташади.

Нигерия ва Жанубий Судан

Жанубий Судан ва Нигериядаги низолар кўп жиҳатдан бир-биридан фарқ қилса-да, уларни бирлаштириб турувчи муҳим омил бор: нефтдан келадиган каттагина даромадга шериклик қилувчи ва халқнинг норозилигига учраган давлат амалдорлари.  

Нигерияда “Боко Ҳаром” исёнчи гуруҳи мавжуд сиёсий тузумни ағдариб, исломий давлат қуриш ҳаракатида. Нигерияликларнинг аксарияти “Боко Ҳаром”нинг зўравонликка асосланган кураш усулларини қораласа-да, қашшоқликда кун кечирадиган ва пойтахт Абужадаги коррупцияга ботган марказий ҳукуматдан чарчаган шимолий ҳудудлар бу ташкилотдан умидвор эмас деб бўлмайди.

Нигерия – Африканинг нефтга кон ўлкаси, бу ерда кунига тахминан 2,5 миллион баррель нефть қазиб олинади. Ҳозирда нефтнинг бир баррели 40 доллар атрофида туришини ҳисобга олсак, нефть қазиб олиш билан шуғулланадиган хусусий компаниялар ўз улушини олгандан кейин ҳам давлат ғазнасига каттагина даромад келиб тушиши керак. Йилига бир неча ўн миллиард долларни ташкил этадиган бу пуллар аҳоли ҳаётини яхшилашга сарфланганида борми, Нигерия аллақачон Африканинг жаннатига айланиб кетган бўларди. Аммо нефтдан келаётган даромаднинг катта қисми давлат ғазнасига эмас, амалдорларнинг чўнтагига ва уларнинг хориждаги ҳисобларига бориб тушмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февралида Нигерия Марказий банки бошқарувчиси Ламидо Сануси Nigerian National Petroleum Corporation давлат корпорацияси қонун талаб қилса-да, нефтдан келган қарийб 20 миллиард долларни давлатга ўтказмагинини маълум қилди. Бу пуллар кимларнингдир чўнтагини қаппайтиргани аниқ.

Аҳвол шундай экан, “Боко Ҳаром” сафининг тобора кенгайиб бораётганидан ажабланмаса бўлади. Устига-устак, ҳукуматнинг “Боко Ҳаром”га қарши курашдаги нўноқлиги аҳоли норозилигини кучайтиришдан бошқасига ярамаяпти.  

Жанубий Судандаги низонинг сабаблари бир талай, лекин уларнинг энергия захиралари билан боғлиқ умумий жиҳати бор. Аслида Жанубий Судан номли давлатнинг пайдо бўлиши нефть сиёсатининг натижаси ҳисобланади. Суданда фуқаролар уруши 1955 йилдан 1972 йилгача, мусулмонлардан иборат ҳукумат анъанавий африкача динлар ёки насронийликка эътиқод қилувчи жанубликларга кенг мухторият бергунга қадар давом этди. Мамлакат жанубида нефть конлари топилгач, Судан ҳукумати аввалги ваъдаларидан тонди ва нефть конларини назоратига олишга уринди. Бу эса 1983-2005 йиллар мобайнида давом этган иккинчи фуқаролар урушига сабаб бўлди. Мазкур қирғинбарот салкам икки миллион кишининг ёстиғини қуритди. Пировардида жануб 2011 йил январида ажралиб чиқиш бўйича референдум ўтказди ва унда аҳолининг 98,8 фоизини мустақилликни қўллаб-қувватлади. Шундай қилиб, 9 июлда Жанубий Судан ўз мустақиллигини эълон қилди.  

Янги давлат ҳали қурилиб улгурмасидан шимолда нефть туфайли янги низо ўт олди. Жанубий Суданда нефть етарли бўлса-да, уни экспорт қилишга имкон берувчи ягона қувур шимол ҳудудидан ўтган. Нефть конларидан қуруқ қолганидан аламзада шимолликлар нефть олиб ўтилиши учун ҳаддан ташқари катта пул сўращди, бу эса жанубнинг нефть етказиб беришнинг тўхтатитишига ва баҳсли чегара ҳудудларида қуролли тўқнашувларга олиб келди. Ниҳоят, 2012 йил августида томонлар нефть бойлигини бўлишишга келишгач, нефть қазиб олиш қайтадан бошланди. Аммо шимол назорат қиладиган ва жануб билан алоқадор одамлар жойлашган чегара ҳудудларида дам-бадам жанглар бўлиб туради.

Энди Жанубий Судан нефтни сотиб, тинчгина яшаса бўларди, бироқ ундай бўлмади. Президент Салва Киир вице-президент Риек Машарни давлат тўнтариши уюштиришга уринишда айблади ва 2013 йилнинг 24 июлида Машар тарафдорларини ҳибсга олишга киришиб кетди. Ҳокимият учун кураш тез орада этник урушга айланди: энди Киир мансуб бўлган динк элати Машар мансуб ҳисобланувчи нуэр элатига қарши курашяпти. Томонларни яраштиришга уринишлар наф бермаяпти, жанглар ҳалигача тинмаяпти, минглаб одамлар ҳалок бўлди, қанчадан-қанча одам қочқинга айланди.  

Сурия ва Ироқда бўлгани каби Судан жанубидаги жанглар ҳам асосан нефть конлари атрофида кечмоқда. Ҳар икки томон ҳам конларни қўлга киритиш илинжида.

Жанубий Хитой денгизи

Жанубий Хитой ва Шарқий Хитой денгизларида Хитой ҳамда унинг қўшнилари нефть-газга бой оролларни талашмоқда. Бу ороллар атрофида сўнгги йилларда бир неча бор ҳарбий-денгиз кучларининг тўқнашувлари қайд этилди.

Осиё-Тинч океани минтақасининг ғарбий қисмида жойлашган ва энергия захираларига бой Жанубий Хитой денгизи азалдан баҳаслар мавзуси бўлиб келади. Денгиз Хитой, Вьетнам, Борнео ороли ва Филиппинга тегишли ороллар томонидан ўралган. Жорий йил майида таранглик энг чўққисига кўтарилди: Вьетнам даъвогарлик қиладиган ҳудудга Хитой HD-981 бурғулаш ускунасини ўрнатади. Хитойликлар ускуна атрофини ҳарбий-денгиз кучлари ва солиҳ қўриқлаш хизмати кемалари билан ўраб олишди. Вьетнам чегарачилари ушбу мудофаа ҳалқасини ёриб ўтишга уринганида хитойлик денгизчилар уларга қарата брандспойтлардан сув пуркашга тушишди. Бу тўқнашувда ҳеч ким жабрланмади, аммо Вьетнамда ўтказилган Хитойга қарши намойишларда бир неча киши қурбон бўлди.

Маълумотларга кўра, Жанубий Хитой денгизида 30 миллиард тоннагача нефть, 16 триллион куб метр газ бор. Бу эса Хитой нефть-газ захирасининг учдан бир қисмига тенг демакдир. Хитой дунёдаги энг йирик энергия истеъмолчиси ҳисобланади ва мазкур мамлакатда энергияга бўлган эҳтиёж тобора ортиб тормоқда. Шундай экан, Хитойга янги нефть-газ конлари керак. Минтақадаги конларга эса Вьетнам ва Филиппин ҳам кўз тиккан. Келгусида бу давлатлар ўртасида энергия захиралари учун кураш жиддий тус олиши эҳтимоли катта.

Туганмас кураш

Бу ва бошқа низолар шуни кўрсатяптики, асосий энергия захиралари манбалари учун кураш замонавий урушларнинг аксарида энг муҳим омил бўлмоқда. Этник ва диний ихтилофлар эса бу жанжалларга янада таранг сиёсий ва ғоявий тўн кийдирмоқда. Бироқ уларнинг энг катта ҳаракатлантирувчи кучи нефтдан келадиган катта даромадга эгалик қилишдир. Агар бу захиралар бўлмаганида, қурол-яроғ сотиб олишга пул тополмаган томонлар урушни ўз-ўзидан тўхтатган бўлар эди. Нефть чиқиб турар экан, жанжаллашаётган томонларнинг пули ҳам, урушиш учун сабаби ҳам бор. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан